Ижтимоий ҳимоя ижтимоий нормадан муҳимроқ
Тармоқларда электр энергияси истеъмоли ва ижтимоий норма билан боғлиқ муҳокамалар энди турли сўровномаларга кўчмоқда. Албатта, бундай сўровларнинг қамрови, репрезентативлиги ва эмпирикаси бўйича аниқликка ҳеч қандай даъво бўлмайди. Лекин асосий моҳиятдан чалғиш кучаяди.
Шу маънода масъулиятли фаоллар кўпроқ ижтимоий ҳимоя ҳақида бонг уришлари самаралироқ бўларди, деб ўйлайман.
Охирги марта маош ва пенсиялар индексацияланган декабрдан буён йиғилган расмий инфляция 6,5%дан ошди. Лекин аввалги йиллардаги каби биринчи ярим йилликда индексация юз бермади.
Сиз нима деб ўйлайсиз, агарда айтайлик, солиқлардан ташқари 3 млн.сўм ойлик олаетган ўқитувчининг маоши 6,5%га индексация бўлиб, қўшимча 195 минг сўм даромадга эга бўлганида, 500 квт.соат электр истеъмоли учун, ижтимоий нормадан ортиғига тўлаган 135 минг сўмни сезган бўлармиди?
2 йил аввал ғалла, ун ва нон нархлари эркинлаштирилиши жамият томонидан қандай қабул қилингани эсингиздами? Бу қадамдан олдин маош ва пенсиялар оширилгани-чи? Балки ғалла, ун ва нон нархлари эркинлаштирилгани юмшоқ ўтгани бош омили айнан пул кўринишидаги ижтимоий ҳимоя яратилганида бўлгандир?
Шу ўзимиз ўтказган яхши тажрибамизни эслаб, балки энергетикага субсидия ва компенсациялар ажратишни тўлиқ тўхтатиб, бўшаган маблағларни маош ва пенсиялар оширишга йўналтирармиз?
Энергетикадаги ислоҳотлардан кўзланган йўлакай вазифалардан бири ўзи шу эмасмиди?