Уй-жой бозоридаги пасайиш тенденцияга айланмоқда
Ўтган йилнинг тегишли ойлари билан солиштирганда бешинчи ой кетма кет битимлар сони камайиб бормоқда (июнь/июнь минус 14,0%). Фаоллашув кузатиладиган июль ва августда ҳам бу жараён давом этса, тенденцияни аниқ ва яққол деб аташ мумкин бўлади.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар марказининг таҳлилларига кўра, энг катта уй-жой бозори Тошкент шаҳридаги нархлар, пандемия давридан бери биринчи марта 1,1%га арзонлаган ва ўртача 1 142 долларни ташкил этган. Эътибор беринг, нархларнинг доллардаги арзонлашуви доллар курси тушган ойда рўй берди (1 АҚШ доллари июнь ойида 12 599,85 сўмдан 12 555,16 сўмгача арзонлаган), яъни арзонлашув сўмда ҳам қайд этилган.
Тошкентда ижаранинг ўртача баҳоси 1,2 фоизга пасайиб, бир квадрат метр учун 8,3 долларни ташкил этган (ойлик -0,1 доллар, йиллик - 0,5 доллар).
Энергетикадаги ошган ва яна ошадиган тарифлар, коммунал хизматларнинг қимматлашуви давом этиши, даромадлар ўсишининг тўхтагани охирги 2 йилда спекулятив тарзда қимматлаб кетган уй-жойнинг инвестицион жозибадорлигини пасайтириб бораверади. Агар бунга қўшимча равишда уй-жой сотиб олиш жараёнининг шаффофлигини ошириш бўйича қадамлар қўйиладиган бўлса, тенденция янада тезлашади.