Мусаввирона: 20,000 трлн, 4,0%
Июнь ойи якунларига кўра, аввалги ой билан солиштирганда, негизини автокредитлар ташкил этувчи истеъмол кредитлари қолдиғи жуда кескин, 1 884 млрд.сўмга қисқариб кетган. Бунақаси очиқ маълумотлар тарихида бўлмаганди.
Мазкур ҳолатга умидсиз деб топилган бир неча триллионлик автокредитларнинг захиралар ҳисобидан "списать қилиниши" сабаб бўлган бўлиши мумкин. Иккиламчи бозорнинг қулаши фонида атвокредитлар банкларнинг асосий муаммосига айланиши ҳақида аввалроқ тўхталган эдик.
"Манфий ўсиш"нинг яна бир сабаби илгари истеъмол кредитлари тоифасига киритилган мажбуриятларнинг микроқарзлар тоифасига ўтказилгани ҳам бўлиши мумкин. Чунки бир ой ичида микроқарзлар қолдиғининг 4 290 млрд.сўмга ўсгани "ақлга сиғмайди".
Нима бўлгандаям, жами кредит қўйилмаларининг ўсиши июнь ойида 3 693 млрд.сўмгача секинлашган ва кредит қўйилмалари қолдиғи қарийб 494 трлн.сўмга етган. Чакана кредитлаш ўсишининг умумий секинлашиши (+2 455 млрд.сўм) билан йил-йил қирқимида ипотеканинг ўсиши (+657 млрд.сўм) сусайишда давом этмоқда.
Ой давомида корпоратив кредитлар қолдиғининг ўсиши ҳам май ойига нисбатан 3,5 карра сусайган (+1 238 млрд.сўм).
Банклар кредит портфели, айниқса чакана кредитлари сифатининг амалда ёмонлашиб бораётганига қарамай, ҳисобот санасига NPL улуши мусаввирона чиройли рақам - 4,0%гача, қолдиғи роппа роса 20,0 трлн.сўмгача туширилган (-935,7 млрд.сўм). NPL'ни қисқартиришда давлат банклари жавлон уришган. Кредиторлар, омонатчилар ва инвесторлар бундай чиройли рақамларга чалғимасликлари ва реал аҳволни англаш учун ушбу банкларнинг халқаро стандартлар бўйича ҳисоботлари билан танишишларига тўғри келади (айниқса, еврооблигация чиқараётган банклар бўйича).