30K127Telegramda ochish
Миллий ҳисоботлар ўзбек банкларининг активлари сифати ва молиявий натижалари бўйича реалликни умуман акс эттирмайди Тижорат банклари, айниқса давлат банклари муаммоли кредитлар ё соф фойда бўйича том маънода чизиб кўрсатаётган рақамлар халқаро стандартлар бўйича ҳисобларда чил-парчин бўлаверади. Биргина мисол. Хусусийлаштирилиши эълон қилинган, лекин охирги йилларда ўзбек чиновникларининг маъмурий кредитлаш бўйича ўйинчоғига айлантирилган Бизнесни ривожлантириш банкининг молиявий ҳисоботларида яққол кўринади. БРБ Миллий стандартлар бўйича 2023 йилни 236 млрд.сўм соф фойда билан якунлаган. 21,8 трлн.сўмлик кредит портфелининг 1,9 трлн.сўми муаммоли ёки NPL улуши 8,9%. Эҳтимолий йўқотишлар учун атига 114,1 млрд.сўм захира шакллантирилган. Аслида-чи? Аслини билиш учун халқаро стандартлар бўйича ҳисоботга ўтамиз. Унга кўра, банк 2023 йилни 470,7 млрд.сўм зарар билан якунлаган. 9-стандарт бўйича 3 босқичда қадрсизланган кредитлар, яъни том маънода муаммоли кредитлар 4,6 трлн.сўмдан иборат дея тан олинган. Бошқача айтганда, охирги босқичда қадрсизланган кредитлар шу мақомдаги активларнинг қарийб 20%ини ташкил этган. Кредит мақомидаги активлар учун йўқотишларга 2,9 трлн.сўмлик захира баҳоланган. Сиз ўйламанг, фақат БРБда шунақа аҳвол деб. Исталган давлат банки ёки давлат компаниялари молиявий ҳисоботлари билан шунақа ҳолат. Айтайлик, келаси ойга Марказий банк давлат банкларида ёппасига инспекция жойига чиқиб, текширувларини ўтказса, уларнинг барчасида NPL икки хонали кўрсаткичларга кўчади. Табиийки, тегишли тартибда захиралар шакллантирилса, уларнинг ҳеч бири фойда билан ишлаётгани йўқ. Давлат банкларининг реал аҳволи ҳақида нафақат кредиторлар, омонатчилар ва инвесторлар билиши керак. Бу Ўзбекистонда қарор қабул қилувчилар учун ҳам муҳим. Улар маъмурий, банкка хос бўлмаган ва иқтисодий самарасиз лойиҳа ва топшириқларни бераётганида инобатга олишлари керак: давлат банклари мустаҳкамлик захирасини йўқотиб бўлган, банкларнинг ўз мажбуриятларини ижро этиш ва янги юкламалар ижроси учун етарли пул оқими ва фойда генерация қилиш имкониятлари тугаш арафасида.

Ko‘rsatkichda

Xaritada ko‘rish

Arxivda shunga yaqin