27K169Telegramda ochish
Алдагани ўзбекистонликлар яхшими? Шонли энергетиклар энергоқароқчиликни севимли оғалари Россия тажрибаси билан оқламоқчи бўлмоқда Кеча Энергетика вазирлиги юридик истеъмолчилардан электр энергияси учун тўловларда белгиланган лимитдан ошган ҳар бир кВт учун икки баробар миқдорда маблағ ундирилаётганлиги бўйича баёнот берди. Ўтган ойдан бошлаб бизнесга нисбатан қўллай бошлашган энергоқароқчиликни энергетиклар жаҳон тажрибасида кузатиш мумкин, дея оқлашган. Ва ўзларининг севимли оғалари Россия мисолини келтиришган (бугун эрталабдан рўйхатга биронта ҳавола келтирмай, Хитой ва Туркия ҳам қўшиб қўйилипти). Келинг, энергетикларнинг севимли Россиясида бизнес учун тарифлар қандай ишлашини эслатиб ўтамиз. Айтиш лозимки, Россияда аллақачон улгуржи ва чакана энергетика бозори фаолият кўрсатади. Юридик шахслар ҳудуди, ойлик истеъмоли, максимал қуввати, кучланиш даражасига қараб ўзлари учун нарх категорияларини белгилашлари мумкин. Бутун Россия ҳудудларида бизнес учун жами 6та нарх категорияси ишлайди. Бу тизим қандай ишлашини Федерал чакана энергосотиш компанияси сайтидан билиб олишингиз мумкин (нархлар Ўзбекистондагидан анча арзонлигидан ҳайрон бўлманг, бу алоҳида мавзу). Энди асосий масалага қайтамиз. Хўш, шонли энергетиклар сиғинадиган Россияда лимитдан ошганда оширувчи ундириш борми? Ҳа, бор. Лекин, бу жарима коэффициентлар максимал қуввати 670 кВтдан ошадиган 3-6 нарх категориялари учун холос. Ундаям ошириш коэффициентлари, бизнинг қароқчилар белгилаганидек, 2-3 баробар эмас, категориясига қараб 20-30%ни ташкил этади. Мисол учун, бутун Россия бўйича энг қиммат электр сотадиган Москвадаги Энергосбытхолдинг компанияси шартларига қаранг. Лекин, кичик ва ўрта бизнес фойдаланадиган 1- ва 2- нарх категорияларида максимал қуввати 670 кВтдан кам юридик истеъмолчилар учун оширувчи коэффициентлар мавжуд эмас. Бошқача айтганда, жарима коэффициентлари тармоққа юкламани кескин ошириб ёки тушириб юборадиган йирик истеъмолчилар учун белгиланган ва ундаям каррасига эмас, 30%гача холос. Кичик ва ўрта бизнес учун эмас! Ҳурматли шонли энергетиклар, бир қисм ўзбекистонликларни ҳар доим алдаш мумкин, бутун ўзбекистонликларни маълум муддат алдаш мумкин, лекин бутун ўзбекистонликларни ҳамма вақт алдаш мумкин эмас!

Ko‘rsatkichda

Xaritada ko‘rish

Arxivda shunga yaqin