Ҳунарманд ва тадбиркор тушунчаларини фарқлаб олиш керак
Президент ва тадбиркорлар ўртасидаги очиқ мулоқот олдидан ҳунармандчилик соҳасидаги тадбиркорлар билан ўтказилган йиғилишда бўкалик тадбиркор (гарчи ўзини ҳунарманд деб билса ҳам) солиқчилардан шикоят қилибди.
Унинг айтишича, тендерда ютиб олган объектида тикувчилик цехи очиб, 6 нафар ишчи (ўзининг таъбири билан айтганда, “шогирд”) ёллаган. Шундан сўнг, солиқ идораси ходимлари бир неча бор ундан қонуний рўйхатдан ўтган ҳолда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишни талаб қилган.
Шунга қарамай, ўртада тушунмовчилик келиб чиқиб, ҳунарманд ўзини тадбиркор сифатида тан олишни истамаяпти. Солиқчилар эса қонун доирасида иш тутишга уринмоқда.
Бу кейсда бир нарсани инобатга олиш зарур: қайсидир ҳунарманд даромад топиш мақсадида ишлаб чиқариш корхонаси очиб, маълум миқдорда одамларни иш билан таъминладими, демак у албатта интизомли солиқ тўловчи сифатида қонуний рўйхатдан ўтиши ва шунга асосан фаолият юритиши лозим.
Ҳунарманд ва тадбиркор тушунчалари ўртасидаги чегарани аниқлаб олиш шу боисдан жуда аҳамиятли. Юқоридаги каби ҳолатларда ҳар доим ҳам солиқчиларни тадбиркорнинг ишига асоссиз аралашишда айблаб бўлмайди.