30K273Telegramda ochish
Фарғонада нохос вазифалар юкланган банклар ҳоким тарафидан жазоланмоқда, ҳокимга қонунларни эслатиши керак бўлган Марказий банк эса ҳокимга ёндош Ўзбекистонда ҳокимларнинг банклар фаолиятига аралашуви тақиқланади деб қонунларда ва фармонларда 146 марта ёзилган. Лекин ҳудудларда уларнинг биронтаси ишламайди. Яна 1488 марта қарор чиқариш ҳам бефойда. Шунинг учун ҳам Ўзбекистонда банклар устидан аслида феодал ҳокимлар хўжайин эканини, қонунлар ишламаслигини билган инвесторларга хусусийлаштирилаётган ўзбек банклари умуман қизиқмас. Текингаям. Бу бўйича навбатдаги кейс. Фарғона вилоятидаги 16та банкнинг ҳаммаси Қувада мигрантлар ва ишсизларни аниқлаш ва уларни ишга жойлаш бўйича сафарбар қилинган. Айнан шу иш учун шишириб кенгайтирилган Еттилик қани, Ҳоким ёрдамчилари қани деманг. Фарғона вилояти ҳокимининг вилоятни ишсизликдан ҳоли ҳудудга айлантириш мажбурияти 2023 йилда бажарилиши керак бўлган бўлса, ишсизлар яна қаердан пайдо бўлди, деган ноқулай саволларни ҳам бермай туринг. Чунки ҳар ҳафта ҳокимлар оладиган бунақа саноқсиз, тутуруқсиз ва ёлғон мажбуриятлар нормага айланиб бўлган. Мигрантлар ва ишсизларни хатловдан ўтказиш ва уларга иш топиб бериш вазифаси банкларга берилганигаям майли дейлик, кўпга келган тўй деб кўз юмайлик, қабул қилайлик. Лекин банклар 6 кун ичида уларга бириктирилган ҳудудларда юзлаб мигрант ва ишсизларга қаердан ойлик маоши 500 долларлик иш топиб беради? Табиийки, бажариб бўлмас абсурд топшириқ бажарилмаган. Банклар фалонча мигрантни қайтардик, фалонча ишсизни ишга жойладик деган сохта ва ёлғон ҳисобот беришмаган. Натижада Ҳокимнинг топшириғи бажарилмади дея бир неча банкларнинг раҳбарларини ишдан олиш топшириғи берилган. Бунгаям хўп дейлик. Ҳокимнинг ўзи ноқонуний бўлган топшириқларини ноқонуний дейиши керак бўлган Марказий банк ҳокимга банк қонунчилигини эслатиш ўрнига тижорат банкларига ҳокимнинг ноқонуний топшириғини зудтар бажаришни сўраб тақдимнома киритган. Йўқ, ҳокимнинг югурдагига айлантирилган вилоят Марказий банки эмас, Республика Марказий банкининг раис ўринбосарларидан бири шу ишни қилган. Бунисига нима дейсиз? Энангни Марказий банк урса, дардингни кимга айтасан? Шу кунгача Фарғона вилояти ҳокими қонун-қоидаларга ҳурмат билан қарайдиган, зўравонлик ва ўзбилармонликдан парҳез қиладиган кам сонли инсоний раҳбарлардан дея кўриларди. Отнинг олдига суяк, итнинг олдига пичан қўядиган эмас, мулоҳазали, ҳамма ўз иши билан банд бўлиши керак дейдиган, меҳнат тақсимоти ва самарадорлигини тушунадиган иқтисодчи тасаввури бор эди Хайрулло Бозаровга нисбатан. Билмадим, балки, Хайрулла Бозаров Ўзбекистон қонунлари ишлатилмайдиган ён қўшнисига ҳавас қилишни бошлагандир?

Ko‘rsatkichda

Xaritada ko‘rish

Arxivda shunga yaqin