Фарғонани “ишсизликдан ҳоли ҳудуд”га айлантирмадинг деб Бозаровниям аризасини олиш керакми?
Агар ҳоким жанобларининг ва ҳокимнинг дастёрига айланган Марказий банкнинг тескари мантиғи давом эттирилса, Фарғона вилоятини "ишсизликдан ҳоли ҳудуд"га айлантирмагани учун ҳоким Бозаровниям, бунга Марказий банкдан бириктирилган зампред Камаловниям ишдан олиш керак. Лекин бу ғирт абсурднинг абсурди бўлган бўларди.
Ўзи мамлакат ё ҳудудни "ишсизликдан ҳоли ҳудуд" айлантириш мумкинми? Ҳа, мумкин. Бунинг учун бутун мамлакат ё ҳудудни ГУЛАГга, яъни, концлагерга ва мажбурий меҳнат лагерларига айлантириш керак. Яқин тарихда бу ишни Совет иттифоқи ва Шимолий Корея уддалаган.
Ишсизлик иқтисодий ҳодиса сифатида доимий мавжуд, ҳали ҳеч бир бозор ва қонунлар амал қиладиган мамлакат ё ҳудуд ноль даражадаги ишсизликка эришмаган ва бундай мақсад қўймаган. Бир хонали ва бир неча фоизлик ишсизлик даражаси меҳнат бозорининг фаол ва рақобатли шароитларда ишлаши, иш ҳақининг соғлом динамикаси шаклланиши, меҳнат унумдорлигининг ошиши, техник ва технология янгиланишга рағбатлар бўлиши учун нормал ҳолат. Ҳукумат ва ҳокимиятнинг ишсизлик контекстидаги вазифаси меҳнат бозорига инвестициялар, солиқ, фоиз ва бошқа эгилувчан каналлар орқали ишоралар бериш холос, иш ўринлари яратиш ёки иш ўринлари яратишга мажбурлаш эмас.
Келинглар, барака топгурлар, мақсадимиз нормал давлат ва соғлом бозор қуриш экан, рационал йўлдан юрайлик. Ўзбекистон энди 2015 йилдаги Ўзбекистон эмас.