Марказий банкнинг вилоят бошқармалари тугатилиши керак
Банк қонунчилигини ҳудудларда ишламаслиги асосий сабабларидан бири бу алмисоқдан қолган ва эски замон қолипи ўзгармаган "вилоят марказий банклари"дир.
Вилоят ҳокимлари "вилоят марказий банкини" ўзининг банклар устидан каллакесар ойболтаси, жазо қамчиси деб билади. "Вилоят марказий банки" раҳбари эса ўзини вилоятдаги банкларга ягона хўжайин деб ҳисоблайди (альфа самец).
"Вилоят марказий банки" раҳбарлигига одатда банк деб аташ қийин бўлган, қанақадир М'банклардан чиққан, хизмат ва ўртакашлик учун қўли, оёғи чаққон, ҳар қандай ноқонуний топшириқни сўзсиз бажарадиган, фалончадан йиғ деганда йиғадиган, фустончадан тўпла деганда тўплайдиган нусхалар қўйилади.
Шунинг учун ҳудудларда кўчат ва гул экишгаям банклар, ободонлаштириш-у суғоришгаям банклар, том ёпишгаям банклар, ТСЖларнинг эски бузуқиларини тўйдиришгаям банклар, тадбирга қанақадир отарчи артист келсаям банклар, Тошкентдан куратор-у, меҳмонлар келсаям банкларга вазифа топширилади, йиғ-тўпла бошланади. Табиийки, бу йиғ- тўплалар ҳудудлардаги тижорат банкларини асосий функциялари бир четда қолиб, ҳаддан зиёд деградациялашишга, коррупциялашувига, тизимли ўғирлик, кадрларнинг тескари селекциясига олиб келган. Вазият шу даражага етганки, банклар ҳудудларга сал ақллироқ, ўзини ҳурмат қиладиган, илмли кадрларни раҳбар этиб тайинламай қўйган. Чунки бундай тоифадаги кадрлар бориб "вилоят марказий банкини рози қилиб", ҳокимият билан "келишиб" ишлай олмайди.
Шунинг учун ҳам янги пайдо бўлган онлайн ва хорижий банклар ҳудудларда филиал очишни бутунлай тўхтатган. Чунки филиал очдими, балога қолди, банкнинг операцион иши қолиб, ҳокимият ва вилоят марказий банки хизматини қилишни ўйлаш керак бўлади.
Идеалда, ҳозирги рақамлашиш жараёни динамикасига мослашиш учун "вилоят марказий банклари" фақат нақдлик тақсимлаш вазифасига эга ҳисоб-касса марказларини қолдирган ҳолда тугатилиши керак. Тубдан ислоҳ қилиш керак деган бўлардим, лекин ҳудудлардаги ҳозирги тарозиси бузуқ реалликларда бу умуман имконсиз иш.
Марказий банк банклар устидан самарали регуляциясини амалга ошириш учун "вилоят марказий банклари" ортиқча унсурга айланган, бу занжир регуляторнинг ўзининг имиджига ҳам аллақачон зарарга ишлай бошлаган.