11K60Telegramda ochish
Пластикка ўтказилаётган пенсиялар ҳақида-3 Ҳеч ўйлаб кўрганмисиз, Ўзбекистонда нега 200, 500, 1000 ходимга эга корхоналарнинг "Иш ҳақи лойиҳалари" банклар ўртасида талаш, бундай корпорациялар кўзга суртилади, лекин юзминглаб пенсионерларни қамрашга келганда таклиф ва топшириқлардан банклар оёғини қўлига олиб қочади? Сабаби молиявий манфаатларнинг мавжудлиги ёки мавжуд эмаслигида. Биринчи ҳолатда банк тижорий манфаат топади, пластик карточкалар орқали мижозлар базасига эга бўлади, банкомат орқали нақдлик тарқатиб ҳам, илова орқали тўлов хизматлари кўрсатиб ҳам, кросс-сотувлар - кредитлар, депозитлар, пул ўтказмалари таклиф қилиб ҳам даромад топади. Кейин йирик "иш ҳақи лойиҳалари"да доим узилмас қолдиқ бўлади, бу эса барқарор ресурс манбаи ҳам. Пенсионерларга келганда эса иш турган битгани зиён. Карточка чиқариш текин: ҳеч бир карточка тизими пенсионерга чиқараяпсан экан, деб ҳатто скидка бермайди - карточканинг отнинг калласидек нархи бор. Пул ечиш текин, ахир пулнинг нархи бор. Пенсионерлар картага пул тушганнинг эртасигаёқ келиб тўлиқ ечиб олади - қисқа муддатли ресурс манбаи ҳам бўла олмайди, Кросс-сотувлар, илова орқали махсулотлар таклифи ҳақида-ку орзу қилмаса ҳам бўлади. Қолаверса қўшимча бу ишга ўнлаб, юзлаб ишчи кучи жалб қилишга мажбур бўлинади. Кўраяпсизми, бирон сўм даромади йўқ тадбирга банклар миллиардларни сарфлашига тўғри келади. Шунинг учун ўтган замонда ҳам, янги замонда ҳам банклар пенсия лойиҳаларидан имкон қадар ўзларини узоқда тутади (ўтган замонда пенсия тақсимотига қўшмаслик ёки камроқ пенсия юкламаси учун ҳатто узат-узатлар бўларди). Тепадагилар эса бир тийин сарфламай пенсионерлар учун швейцария банкларидек хизматни талаб қилишади. Бу мумкин эмас. Тв, ОАВлар учун камера олдидаги ёлланма пенсионерлар иштирокидаги кўргазмали чиқишлар эса қуруқ ва ёлғон пропагандадан ўзгаси эмас. Яна ўша савол. Нима қилиш керак? Пенсионерлар бу Пенсия жамғармасининг мижозлари. Пенсия пули пенсионерларга тез, сифатли ва осон кўриишда етиб бориши учун Пенсия жамғармаси бутун нормал дунёдаги каби агент сифатида банкларни пулли хизмат эвазига ёллаши (албатта аукцион ё конкурс тарзида) керак. Шунда банкларда иштиёқ, кураш ва пенсионерлар учун рақобат пайдо бўлади. Акс ҳолда яна ўша эски шимилдириққа рўпара бўлаверамиз. Бу ва мавзу доирасидаги биринчи ва иккинчи пост мутлақо шахсий мулоҳазалардир. @the_bakiroo

Ko‘rsatkichda

Xaritada ko‘rish

Arxivda shunga yaqin