Пахта учун бюджетдан 3,5 трлн.сўм субсидия ажратилади
Ҳукумат қарори билан ҳар бир тонна пахта хомашёси учун бюджетдан Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси орқали 1 млн.сўм миқдорида субсидия ажратилиши белгиланмоқда. Кутилаётган 3,5 млн.тонна ҳосил инобатга олинса, бюджетдан ажратиладиган субсидия миқдори 3,5 трлн.сўмдан кам бўлмайди.
Субсидия пахта етиштирувчилар (яъни, асосан фермерлар) махсус ҳисобварағига тушириб берилишига қарамай, буни амалда давлатнинг шунча имтиёзларига қарамай, молиявий аҳволи яхшиланмаётган кластерлар учун навбатдаги ёрдами деб ҳисоблаш мумкин.
Афсуски, эркин бозор муносабатларига ўтиш вазифаси ижроси фермер ва кластернинг муносабатларига давлатнинг аралашуви туфайли кечикишда давом этадиган кўринади. Бунинг юкламаси, албатта, охир оқибатда, ўзи бусиз ҳам мувозанати бузилган бюджетга, яъни солиқ тўловчиларга тушиши тўхтаётгани йўқ.
Маълумот учун, "Ўзбекистон қишлоқ хўжалигида эркин бозор муносабатларини янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 205-сон фармон талаблари асосида 2024 йил бошида фермерлар ўз ҳудудидаги кластерлар билан фьючерс шартномасини тузиш орқали келишувларга киришишган эди. Йил бошида пахта нархлари 7 800-8 000 сўм атрофида шаклланган ва битимлар ҳам асосан шу нархларда тузилган. Лекин ҳозирда пахта котировкалари 6 500-7 000 сўмгача пасайиб кетган. Кластерлар (улар ҳукуматга ва ҳокимиятларга яқин) йил бошидаги фьючерс нархларидан келиб чиқиб, пахта сотиб олишни истамай, қўшимча келишувлар билан пахта нархини туширишга уринишмоқда. Шунинг учун яна давлат ўртага тушиб, фермер ва кластер шартномавий муносабатларига аралашиши ҳолати юзага келмоқда. Қўпол қилиб айтганда, қаерда чиққан бўлсак, яна айланиб ўша жойга қайтдик.
Энди савол, пахтанинг нархи тушиш ўрнига, тескариси, айтайлик, 10 000 сўмгача, кўтарилиб кетганида нима бўларди? Давлат фермерларнинг тарафини олиб, кластерларга, тўхта, шартномага ўзгартириш киритасан, килосига қўшимча 2 000 сўмдан фермерга тўлайсан дермиди?
Балки пайти келгандир, кластерларни ҳам, фермерларни ҳам эркин қўйвориш, танловда ҳам, нархларда ҳам, молиялаштиришда ҳам. Куядигани куйишига, синадигани синишига йўл қўйиб бериш? Тушунишимиз керакки, кластерларни давлат томонидан қўллашда (айни вақтда фаолиятига аралашишда) давом этилаётгани уларни барқарорлаштириш ўрнига янада мўртлаштирмоқда. Жуда кўп заиф кластерлар барибир давлат ёрдам беради, деган боқиманда кайфиятга тушиб бўлмадими?
Хўп, бу йил ҳам бир амалладик дейлик, келаси йилга нима бўлади? Бу йил яна худо бериб, олтин қимматлашиб, бюджетда пул топилипти (лекин шу пул таълимга ё медицинага ишлатилиши ҳам мумкин эди), келаси йил топилмаса-чи?