24K74Telegramda ochish

Prof. Sherzod kanalidan

Инсон бўлиш учун саёҳат қилиш керак Мана яна бир давлатни кашф қилдим, десам бўлади. Бир ҳафта вақтни Полшада ўтказдим. Бир нечта шаҳарларида бўлдим, музейларга кирдим, кўчаларида юрдим. Кўп инсонлар билан мулоқот қилдим. Хилма-хил таомларидан еб кўрдим. Саёҳатдан хулосам: Полша умуман мен ўйлаганимдек эмас экан. Полшага боришдан олдин, бу давлат ҳақида ўқиган-эшитганларим бор эди, албатта. Совуқ уруш, Иккинчи жаҳон уруши тарихини ўрганган, талабаларга мунтазам ўргатадиган одам Полша тарихи саҳифаларини ҳам бироз бўлса ўқийди. Китобда ўқигандан ташқари, бирон бир халқ ё давлат ҳақида тасдиқланмаган фикрлар—стереотиплар—бўлади. Стереотип дегани ўзи яхши нарса эмас, чунки бутун бошли халқ, ирқ, ё бошқа гуруҳни умумлаштириб айтилган гаплардир. Ҳаётда эса ҳар қандай гуруҳ жуда хилма-хил бўлади, ҳар бир халқ ё ирқ ичида турли фикрли инсонлар бўлиши табиий. Стереотиплардан ақлимизни бутунлай тозалаш имконсиз, аммо уларга ҳамиша шубҳа билан ёндашиш керак. Тан оламан, Полша ҳақидаги стереотипларим бор эди. Булар бу давлат ва поляк халқи ҳақидаги кўпроқ эшитганларим, мен яшаб юрган жойда тарқалган фикрларга асосланган эди. Булардан биринчиси нафақат Полша, балки бутун "марказий ва шарқий Европа" ҳақида Англияда кенг тарқалган гап—Полша жуда депрессив жой, деган фикр. Яъни, ҳаммаёқ кулранг, тушкун, кўзни қувонтирадиган ёки эътиборни тортадиган нарса кам. Бу стереотипга яхши мисол "полякларнинг таомлари қайнатилган картошкадан бошқа наса эмас" деган гап. Яна бир стереотип—Полша ва унинг минтақасида хилма-хиллик кам, яъни аҳолиси ва маданияти фақат оқлардан иборат, четдан келганларга, айниқса оқ бўлмаганларга нисбатан ёпиқ фикрли, деган фикр. Унданам кўп учрайдиган гап—шарқий Европаликлар қўпол ва чидамсиз бўлади, улар билан сал кенгроқ бўлиш керак, деган стереотип. Хўш, нима дея оламан—бу гапларнинг барчаси шунчаки гап эканига амин бўлдим. Полшанинг нафақат тарихий, балки ҳозирги жамияти ниҳоятда ранг-баранг, мураккаб эканини кўрдим. Тўғри, асосан катта шаҳарларда юрдим, аммо кичкина жойларда ҳам бўлдим. Депрессив деган фикрга умуман қўшилиб бўлмайди; Варшава ёки Краков шаҳарларига қараганда ўша Англиянинг баъзи бир шимолий шаҳарлари юз марта депрессивроқ. Гап фақат об-ҳаво ҳақида эмас. Хилма-хиллик ҳам кам эмас экан. Варшава кўчалари украинлардан бошлаб виетнамликларгача юз хил халқ вакилларига тўла. Булардан биронтаси тили, дини ёки ирқига кўра дискриминация қилиниши мумкинлигини тасаввур қилиш қийин. Маҳаллий аҳоли қўпол, деган гап ҳам бекор гап экан. Бирон кишининг қўполлик қилганини кўрмадим, ҳамма бир-бирига мулойим. Умумий овқатланиш жойларида шовқин қилиб гапирганлар, бақир-чақир қилганлар бор, албатта, аммо буларнинг бари чет элликлар эди. Қиссадан ҳисса—бутун давлатлар, халқлар ҳақида умумлаштирилган, ўта содда фикрларга ишонмаслик керак. Стереотипларнинг фойдасидан зарари кўп. Аммо бирон давлат ҳақидаги стереотиплар ҳақиқатдан нақадар йироқлигини кўриш, ҳис қилиш учун, ўша жойга саёҳат қилишдан яхшироқ йўл йўқ. Қисқа қилиб айтганда, инсон бўлиш учун нафақат тарихни ўқиш, балки кўп-кўп саёҳат ҳам қилиб туриш керак. Олий таълим, Япония, Англия, университетлар, саёҳатлар ва бошқа мавзулардаги кундалик ёзувларим сизга қизиқарли ва фойдали бўлса, каналга ёзилинг ва бу мавзуларга қизиқадиган дўсту яқинларингизга ҳам юборинг 😊 @profsherzod

Ko‘rsatkichda

Xaritada ko‘rish

Arxivda shunga yaqin