Бизнесни газдан ёппасига узиш бошланди
Энергетика вазири ҳарорат масалан, минус 10, 20 даражага тушиб кетса, пессимистик сценарийлар ишга тушиши ҳақида гапирганди (лекин бу сценарийлар пайтида нима иш қилиниши, қандай истеъмолчилар тармоқда узилиши ёки чекланиши ҳақида айтилмаган ва режимлар мундарижаси очиқланмаган).
Шу кунларда кундузги ҳарорат плюс 10 даражадан, тунги ҳароратлар плюс 1 даражадан пасайгани йўқ (яқин уч кунликда ҳам нолга тушмайди). Лекин бутун Ўзбекистон бўйича бизнес субъектлар ёппасига газдан узилиши бошланган.
Пессимистик сценарий очилмаганини (у борми ўзи) қўя турайлик. Газдан узилаётган бизнес субъектлар қайси мезонлар асосида танланаётгани номаълум (худди ўтган йили минглаб иссиқхоналар газдан узилган пайтда ўнлаб чўнтакларга яқин иссиқхоналар газдан фойдаланишда давом этгани ва этаётгани сингари). Нима учун Баҳодир ва Бахтиёр газдан узилса, Жўрабек ва Алишер газ ёқишда давом этиши керак? Чиройи учунми? Вазирликка ё маҳаллий газчиларга яқинлиги учунми?
Кимлар қайси кабинетларда тузган ўзи бу рўйхатни? Ким тасдиқлаган бу рўйхатни? Қаерда очиқланган бу рўйхат?
Ўчириш неча кун, неча ҳафта давом этади? Ë худди иссиқхоналар, ғишт ва оҳак заводлари билан бўлгани сингари ўчирилгани бўйича қайтиб тикланмайдими? Бизнес субъектлар билишга ҳақли. Шунга қараб чорасини кўради: ё фаолиятини тўхтатади, ишчиларини Россияга мардикорчиликка жўнатади ё газ бор қўшни мамлакатга ишлаб чиқаришини кўчиради.
Айтинглар.
Олигарх акаларингиз олдида эмас, халқ олдида ҳисобдорсизларку. Қонун бўйича.
- https://t.me/the_bakiroo/8944@the_bakiroo