Наҳотки лотореяга айланган онлайн каруселни нормал механизмга айлантириш мумкин бўлмаса?
Бугун Cobalt учун 22 ноябрда бошланган контрактациялаш дарчаси яна қайта очилади. 55 мингдан ортиқ Cobalt аввалги икки уринишда тўлиқ “сотилмаган”. Ёзда ҳам шу томоша юз берганди.
Албатта қондирилмаган юқори талаб шароитида бу муаммо оддийгина қилиб бозорнинг очилиши билан ечилади. 30 йилдан бери ўзбек халқига танловсизлик ва чеклов яратиб пул ишлашдан манфаатдорлар бозорни очиш ўрнига, қия тирқишларниям кавшарлашга ўтишган ҳолатда бу орзуни эсдан чиқарсак ҳам бўлади.
Лекин шу бузуқ ҳолатда ҳам ҳеч қурса монополист ўз репутацияси ва обрўсини ўйлаб (бормикан?) лотореяга айланган контрактациялашни одамбашара қилса бўларди.
Яна бир неча дақиқадан кейин юзминглаб ўзбекистонлик savdo.uzavtosanoat.uz платформасига ёпирилишади. Уларнинг жуда катта қисмининг мақсади Cobalt олиш эмас, шартнома олиш. Имкон бўлиб қолса шартномани “сотиш” ёки бошқа кўринишда спекулятив даромад олиш. Лекин уларнинг аксариятида машина олиш учун тўлов қилишга пули бўлмайди.
Қизиғи, росмана машина сотиб олиш истагидаги ва бунинг учун етарли пули борлар шартнома олиш учун курашда камчиликни ташкил этишади. Табиийки, бу лотореяда спекулянт ва ўртамчилар ғолиб келаверишади ва ҳар галги янги онлайн каруселда тахминан 50 фоиз шартнома учун пул тўланмайди.
Минглаб спекулянт ва лотореяда иштирок этишдан мазахўрак ўртамчиларни ўйиндан чиқариб юборса бўладими? Бўлади. Бунинг учун шартнома олишгача бўлган босқичларда ҳеч бўлмаса, танланган автомомобиль қийматининг 10-15 фоизлик қийматини пуллик кафолатлаш керак (бронь).
Шартнома олинса-ю, қолган пули тўланмаса, бронь камида 2 ойга музлайди. Ишонинг, бу анча-мунча сунъий ажиотаж яратиб, пулли харидорларнинг хафсаласини совутаётган ўртакашларни тозалайди.
Нега бундай қилинмайди? Билмайман. Балки ҳозиргидек шовқинли, ношаффоф, тўполон тизим автосаноатни тўлиқ қаноатлантирар. Хоҳиш бўлса, бир кунда тизимни тартибга солишган бўларди.
- https://t.me/davletovuz/21911@davletovuz
- https://savdo.uzavtosanoat.uzuzavtosanoat.uz