Давлат раҳбари эркин иқтисодий зоналарни танқид қилди
Кечаги йиғилишда Давлат раҳбари эркин иқтисодий зоналарда ишлаб чиқарилган маҳсулотнинг бор-йўғи 16 фоизи юқори технологияли товарлар экани, маҳсулотларнинг атиги 18 фоизи ташқи бозорларга сотилгани, 372 та корхона умуман экспорт қилмаганини қайд этган. Ваҳоланки, шу корхоналар юқори технологияли товар ишлаб чиқараман, экспорт қиламан, деган ваъдалар билан зоналарга кириб олишган.
Қонун бўйича Эркин иқтисодий зона тузилишидан асосий мақсад ҳам юқори технологик ишлаб чиқаришни ривожлантириш ва экспортга йўналтирилган тайёр саноат маҳсулотини ишлаб чиқаришни ўзлаштириш ҳисобланади.
Давлат раҳбари зоналардаги корхоналар киритган сармоясига қараб имтиёз олишаётгани, лекин бу маблағлар таннархни пасайтириш, экспортга чиқиш учун хизмат қилмаётганини танқид қилган.
Эркин иқтисодий зоналар фаолияти шаффоф эмаслиги, очиқлик ва ҳисобдорлик йўқлиги, солиқ имтиёзи ундирадиган, солиқдан қочадиган, турли манипуляциялар маконига айланиб қолгани ҳақида жуда кўп ёзилди (1, 2, 3).
Афсуски, шу пайтгача зоналар ҳеч бир идора томонидан танқидий кўриб чиқилиб, молиявий тафтиш қилингани ёки резидентларнинг мезонларга мувофиқлигини текширилиб, йўқотилган солиқ тушумлари ҳисоблаб кўрилгани йўқ.
Умид шуки, Давлат раҳбарининг кечаги танқидидан кейин нимадир ўзгаришлар бошланади.
- https://t.me/the_bakiroo/5504@the_bakiroo
- https://t.me/the_bakiroo/6107@the_bakiroo
- https://t.me/the_bakiroo/7456@the_bakiroo