Имтиёзлар ва текин ер ундиришнинг лазейкаси керакми? "Ургут" ЭИЗга йўл топинг
Эркин иқтисодий зоналар сайланмаган ҳокимлар, тадбиркор вазирлар ва уларнинг чўнтаклари учун солиқдан қочадиган кулранг маконга айланиб қолгани ҳақида жуда кўп ёздик. Лекин бу жараён тўхташнинг ўрнига авж олишда давом этмоқда.
Демак, маълум-у, машҳур "Ургут" эркин иқтисодий зонаси яна кенгаяди. Энди зонага Сурхондарёнинг Денов туманидаги 21 гектар ер қўшиб берилади.
Шу йилнинг бошида Самарқанд вилоятида макон топган Ургут ЭИЗ таркибига Қорақалпоғистон Республикаси Беруний туманидаги 22,3 гектар ҳамда Қашқадарё вилояти Китоб туманидаги 37,4 гектар ер участкалари қўшиб берилганди. Феълан энди Ургут ЭИЗни солиқлардан қочиш, бож тўламаслик ва текин ерга эга чиқиш бўйича умумреспублика лазейкаси деб атаса бўлади.
“Махсус иқтисодий зоналар тўғрисида”ги қонунда Ўзбекистон Республикасининг бир нечта маъмурий-ҳудудий бирлиги негизида ягона махсус иқтисодий зона ташкил этилиши ёки бир маъмурий-ҳудудий бирлигида ташкил этилган махсус иқтисодий зонанинг ҳудудини бошқа маъмурий-ҳудудий бирликдаги ер майдонлари ҳисобига кенгайтириш билан боғлиқ нормалар белгиланмаган. Яъни Сурхондарё, Қорақалпоғистон ё Қашқадарёдаги лойиҳаларни айнан моҳияти бўйича имтиёз ва ер ундириш учун Ургут ЭИЗга қўшиб берилиши қонунга зид.
Тўғриси, мен тушунмайман, нега тушум режасини бажариш учун турли босим ва манипуляцияларни ўйлаб топадиган, "адашиб" тадбиркорларнинг ҳисобидан пул ечиб қўядиган Солиқ қўмитамиз, нега ҳеч бўлмаса бир марта иқтисодий зоналар ҳудудига бош суқиб кўришмайди?
Нега адлиячиларимиз бундай ноқонуний ҳужжатларга нисбатан узил-кесил ҳуқуқий баҳо бермайди?
Нега инвестициялар (савдо, саноат) вазирлиги эркин иқтисодий зоналар ва уларнинг резидентлари фаолиятини уларнинг мажбуриятлари бажарилаётгани бўйича тафтишдан ўтказмайди?
Нега боши узилган антимонополия рақобат муҳити мавжуд сегментларда фаолият юритувчи ёки ўхшаш маҳсулот ишлаб чиқарувчилар қонунларга бир тупуриб эркин иқтисодий зоналар резидентига айланиб олишаётганига эътибор қаратмайди?
Ўзим учун жавобларим бор. Сизда-чи?
- https://lex.uz/uz/docs/6678267lex.uz
- https://t.me/the_bakiroo/6107@the_bakiroo
- https://t.me/bektoshkhatamov/2052@bektoshkhatamov
- https://t.me/bektoshkhatamov/2055@bektoshkhatamov
- https://t.me/soliqnews/11993@soliqnews