Yandex Go Стандарт тарифини ёпган. Бошсиз қолган антимонополия яна жим
Хизмат комиссиясидаги улушини ҳеч бир огоҳлантириш ва оммавий офертасиз бир томонлама ошириб, солиқ тўлаш юкини ҳайдовчилар бўйнига "юклаб қўйган" Yandex Go энди энг кўп автомобиллар таклифи жамланган Стандарт тарифини ёпган.
Тошкент шаҳрида Yandex Go платформасига уланган таксист ҳайдовчиларга кўра, спарк, нексия-1, нексия-2 ва бошқа йили эски седан автомобиллар ҳайдовчилари ишлатадиган Стандарт тарифидан фойдаланиш тўхтатилган.
Энди матиздан тортиб айтайлик, эски кобальтгача ҳамма ҳайдовчилар Старт тарифидан фойдаланишга ўтказилган. Ўрганишлар Старт тарифи нархлари тугатилган Стандарт тарифи нархларигача кўтарилганини кўрсатмоқда, яъни амалда яширин нарх оширилиши воситаси қўлланилган бўлиши мумкин. Yandex Go тарифлари мезонлари ва алгоритмларини Ўзбекистон антимонополия органи ўз назоратига ололмаган.
Рақобат қўмитаси Yandex Go'нинг хизмат комиссиясидаги улушини ошириб олгани бўйича чора қўллаш тугул, бирон бир баёнот ҳам бергани йўқ.
Амалда монополист (устун мавқега эга) бўлган такси агрегатнинг ҳайдовчилар ва истеъмолчилар ҳақларига тупуриб қўйган ҳолда, олдиндан огоҳлантириш ва оммавий офертасиз Стандарт тарифининг ёпиб юборишига ҳам ҳеч қандай реакция бўлмаса керак.
Эслатиб ўтамиз, ўзи бусиз ҳам анча рақобатли ва қоидали бозор ҳисобланган сут танлови масаласида "айбдор" сифатида танланган Рақобат қўмитаси де-факто 4 ҳафтадан буён, де-юре 10 кундан бери бошсиз қолмоқда.