Алмашув курсига таъсир этувчи ички омиллар бўйича сезиларли хатарлар кутилмаяпти
Марказий банк асосий ставкани 13,5% даражасида сақлаб қолди.
Регулятор релизида қабул қилинган қарор инфляцияга ўтган йилги энергия нархлари эркинлаштирилишининг таъсири камайиб бориши кутилаётганлигига қарамасдан инфляцион кутилмалар юқори даражада сақланиб қолаётганлиги пул-кредит шароитларини нисбатан қатъий даражада сақлаб қолиш билан изоҳланган.
Марказий банк охирги ойларда биринчи марта валюта курси омилига тўхталган.
Қайд этилишича, 2024 йил сўнгги ойларидаги реал самарали алмашув курсининг маълум даражада мустаҳкамланиши қисқа муддатли характерга эга бўлиб, айрим савдо ҳамкорлар валюталарининг қадрсизланиши ҳамда бизда инфляция даражаси уларга нисбатан юқорилиги таъсирида шаклланган. 2025 йилнинг иккинчи ярмида инфляция даражаси пасайиб бориши билан реал самарали алмашув курси ўзининг ўрта муддатли тренди даражасига қайтиши кутилмоқда.
2024 йилдаги жорий операциялар ҳисоби сальдоси яхшиланиши ва 2025 йилда савдо ҳамкор давлатларда макроиқтисодий ҳолат нисбатан барқарор бўлиши тахмин қилинаётгани ҳамда алмашув курсига таъсир этувчи ички омиллар бўйича сезиларли хатарлар кутилмаётгани, ўрта муддатли истиқболда ички валюта бозорида мувозанатли тенденциялар вужудга келиши бўйича кутилмаларни шакллантирмоқда.