“Нархларга таклиф омиллари билан бир қаторда талаб омиллари ҳам оширувчи таъсир кўрсатмоқда”
Марказий банк асосий ставкани йиллик 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдирди. Регуляторга кўра, ялпи талаб ва таклиф ўртасидаги номутаносибликлар ҳамда ташқи ноаниқликларнинг кучайиб бориши билан боғлиқ хатарлар пул-кредит шароитларини нисбатан қатъий, жорий даражасида сақлаб қолишни тақозо этмоқда.
Ёқилғи ва энергия таъминоти яхшиланиши ҳамда алмашув курсининг нисбатан барқарор шаклланиши таъсирида аҳоли ва тадбиркорларнинг инфляцион кутилмалари март ойида пасайган бўлса-да, жорий инфляция кўрсаткичларидан юқори даражада қолмоқда.
2025 йил бошидан асосий савдо ҳамкорлар валюта курсларининг мустаҳкамланиши ҳамда сўм алмашув курсининг савдо ҳамкор давлатлар валюта курсларига нисбатан барқарорлиги фонида реал самарали алмашув курси ўзининг ўрта муддатли тренди доирасида шаклланмоқда.