30K75Telegramda ochish
Бозор принципларига қарши ҳаракатлар эса охир оқибат жазоланмасдан қолмайди Миркомил Холбоев:Фоиз ставкаси бу - хонанинг ҳарорати эмас, хоҳлаган вақтга сунъий йўллар билан тушириш ёки кўтариш мумкин бўлган Агар депозитлар учун фоиз ставкаси баланд бўлса, демак фоиз ставкаси баландлигининг сабаби бор. Яъни уни шунчаки маъмурий йўллар билан пасайтириб бўлмайди. Агар шундай қилинса, табиийки, бу ёмон оқибатларга олиб келади. Фоиз ставкаси бу нарх, биламизки нархлар муҳим маълумот, сигнал ва рағбатларни ташувчи восита. Фоиз ставкасининг баландлиги эса одамлар томонидан кўпроқ депозит қўйишга рағбатни уйғотади. Кредит олишга хоҳишни эса пасайтиради. Кредит олишнинг секинлашиши эса юқори инфляция шароитида инфляцияни  секинлаштирувчи омил бўлиб хизмат қилади. Ривожланаётган давлатларда кредитлар фоиз ставкаси юқорилигининг асосий сабаби депозитлар ставкаси юқорилиги деган фикр мавжуд. Шу сабабли, кредитларнинг фоиз ставкасини пасайтириш мақсадида депозитларнинг фоиз ставкасини пасайтиришга қаратилган сиёсат учраб туради (фоиз ставкасига юқори чегара ўрнатиш, ёки бошқа маъмурий йўллар билан пасайтириш). Лекин “яхши” ниятлар билан қилинган бундай сиёсатлар охир-оқибат қарор қабул қилувчилар хоҳламаган оғир оқибатларга олиб келади.  Яъни  олдин кредитлар қиммат бўлган бўлса фоиз ставкаси назорати ўрнатилгандан кейин кредитлар шунчаки мавжуд бўлмай қолади. Бундан ташқари, жамғарма маблағларининг банк тизимидан чиқиб кетиши натижасида, бошқа кўзланмаган секторларда (масалан, уй-жой, автомобил бозорлари)  нарх “пуфак”ларининг ҳосил бўлишига сабаб бўлади.  Бу жараён худди одамларни бой қилиш учун паст фоиздан имтиёзли кредитлар учун ресурс ажратишга ўхшайди. Охир оқибат эса ресурслар “ният” қилингани каби унга энг муҳтож бўлганларга етиб бормайди. Шунингдек,   имтиёзли кредитнинг ҳақиқий нархи  кредит олувчи учун бозор нархига айланаверади (кредит олишдаги норасмий қўшимча тўловлар эвазига). Юқори фоизларни ҳамма ёмон кўради, лекин юқори фоизларга тўғридан-тўғри қарши курашиш оқибат билан курашишдан бошқа нарса эмас. Масалан сўнгги йиллардаги Туркия бунга яққол мисол. Сиёсий хоҳишлар билан фоиз ставкасини пасайтиришга қаратилган ҳаракатлар юқори инфляция, валюта курсининг кескин қадрсизланиши каби оқибатларга олиб келди. Фоиз ставкаси (яъни нарх) назорати энг оқилона ва тўғри йўл бўлганда  ҳамма давлатлар ривожланишда шу йўлдан борган бўларди.  Бозор принципларига қарши ҳаракатлар эса охир оқибат жазоланмасдан қолмайди. Бу ривожланишнинг орқага сурилиши,  аҳолининг камбағаллашиши, иқтисодий барқарорликнинг йўқолиши каби омиллар билан намоён бўлади”.

Ko‘rsatkichda

Xaritada ko‘rish

Arxivda shunga yaqin