Кредит ставкалари камида 2-3 фоизга қандай туширилади?
Бундан аввалги сиёсий топшириқлар амалда қандай бажарилганига эътибор қаратсак, бу гал ҳам маъмурий йўл қўлланилиши эҳтимоли юқоридек.
Маълумот учун, 2020 йил июнида эълон қилинган Мақбул фоизлар сиёсати доирасида депозит ва кредитларнинг ставкалари директив йўл билан бир муддат чеклаб турилган. Бюрократик тажриба даврида, масалан омонатларнинг ўртача фоизи 20,3%дан 16,4%гача, кредитларнинг ўртача ставкалари 24,8%дан 18,8%гача пасайтирилган. Лекин банклар чекловларни айланиб ўтишни, омонатчилар банклардан қочишни, кредит жараёни коррупциялашишни бошлагач, мақбул фоиз сиёсати номаъқул иш экани англаб етилган ва 7 ой ўтмай бу ёмон практикадан воз кечилган.
Сал аввалроқ, 2014 йил охирида бунданда ёмон воситалар, нақ ойболта усулида фоизлар туширилган. Хусусан, 2014 йил декабрда жисмоний шахсларнинг муддатли депозитлари 22,8%дан бир ой ўтиб ўтмай, 2015 йилнинг бошида 13,3%гача пасайтирилган. Бу қандай оқибатлар яратганини мана бу жойда ўқишингиз мумкин.
Тарихий тажрибамиз ўз йўлига, кредит ставкаларини бозор воситалари билан пасайтиришга Марказий банк ва ҳукуматда воситалар мавжудми? Тоқатчи? Ирода-чи?
Ўзи бозор чоралари билан фоизларни пасайтириш учун ишни нимадан бошлаш керак? Айрим оғриқли жиҳатларга эътибор қаратамиз.
Аввало, имтиёзли кредитлаш тизимини тугатишга тўғри келади. Амалда имтиезли кредитлаш нафақат қисқармоқда, янги ва янги воситалар орқали кенгайтирилмоқда. Имтиезли кредитлаш доим тижорий кредитлаш секторига босим ўтказади. Тижорий кредитлар ставкасининг пасайиши имтиезли кредитлашни кескин қисқартиришдан бошланади.
Иккинчидан, ҳокимият ва ҳукуматнинг маъмурий қарорлари таъсирида кредитлашдан воз кечиш керак. Ҳар бир маъмурий топшириқ ва босим остида молиялаштирилган кредит, ундан кейингисининг нархини қимматлаштиради.
Учинчидан, кредитни ундириш, уни таъминотга, хусусан гаров ва бошқа мулкларга қаратиш, ижрони тезкор таъминлаш тизими яратилиши зарур. Ҳар бир муаммоли кредит, сотилмаган гаров бу янги кредитни янада қиммат қилади. Суд жараёни, гаров ва мулк реализацияси 12-18 ой эмас, 1-3 ойгача қисқариши керак. Шартли айтганда, Ёмон қарздор эрталаб кўчага чиқиб кетаеганида қайтгунча гаровдаги мулкидан айрилиб, сотилиб кетиши мумкинлигини тушуниши зарур.
Тўртинчидан, ипотекадан бошқа қарздорлар фоиз мажбуриятларини субсидиялаш, компенсация тизимидан воз кечиш керак. Компенсация ва субсидия мавжудлиги унга имкон қила олганлар учун якуний фоизларни пасайтирса, қолганлар учун фақат оширади, амалда имкон қила олганларнинг фоиз товони имкон қила олмаганларнинг зиммасига юкланади.
Бешинчидан, асосий ставкани кредит фоизлари шаклланишига таъсири жуда заифлигича қолмоқда, асосий ставкани пасайтириш унга боғланган имтиёзли ва маъмурий кредитлар ставкасига таъсир кўрсатмоқда холос. Мажбурий захиралаш меъёри энг имконли даражагача туширилган. Шу маънода асосий ставкани пасайтириш пул-кредит шароитларини юмшатади, деган иллюзияга берилиш ўрнига, янги таъсирчан, биринчи навбатда қисқа муддатли пул таклифини кескин кенгайтиришга тўғри келади. Яъни аввал қисқа муддатли пул нархини арзонлаштириб олиш керак. Қолган муддатли занжирларга бу тенденция бирин кетин таъсир этаверади.
- https://t.me/the_bakiroo/3963@the_bakiroo
- https://t.me/the_bakiroo/6461@the_bakiroo
- https://t.me/the_bakiroo/7556@the_bakiroo
- https://t.me/bankmijoz/5362@bankmijoz