
Ўзсаноатқурилишбанк коррупцияга қарши курашиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берди
Ўтган ҳафта "Ўзсаноатқурилишбанк тизимида рақамлаштириш, очиқлик ва шаффофликни таъминлашга оид ишлар" мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Тадбирда ушбу йўналишда эришилган натижалар, ўзгаришлар ва истиқболдаги режалар ҳақида сўз борди. Хусусан, банкда Коррупцияга қарши курашиш хизмати ташкил этилиб, унга мустақил назорат ваколати берилди, банк халқаро стандартларга мувофиқ антикоррупция сертификатига эга бўлди.
Маълум қилинишича, банкнинг 30 нафар ходими Халқаро комплаенс ассоциацияси (ICA, Буюк Британия) курсларини тугатиб, халқаро даражадаги сертификат олган. Банкда харид жараёни шаффофлаштирилган бўлиб, бунинг натижасида банк манфаатларига жами 66,7 млрд. сўм зарар етказилишининг олди олинган. Тадбиркорлик субъектлари билан боғлиқликни аниқлаш бўйича махсус дастур (модул) яратилиб, бу орқали банк ходимларининг корхоналар устав капитали ва бошқарувидаги иштироки доимий мониторинги йўлга қўйилган. Банкда 3,7 минг нафар ходим манфаатлар тўқнашуви бўйича текширувдан ўтказилган ва аниқланган ҳолатлар бартараф этилган.
Шунингдек, кредит ажратиш жараёнини рақамлаштириш ҳисобига коррупцион ҳолатлар олди олиниб, бюрократик тўсиқлар бартараф этилгани қайд этилди. Тадбирда журналистлар ва жамоатчилик фаоллари ўзларини қизиқтирган барча масалалар бўйича маълумотларга эга бўлдилар.
Реклама