Коронавирус эпохасининг иккиюзламачи стандартлари ҳақида
Туман ва вилоятларнинг рангини ўзгартиришда, бизнесларга рухсат беришда қоидалардан кўра истиснолар ва иккиюзламачи қарорлар мўллигига ҳамма кўникиб бўлди.
Лекин маълумотларни тарқатишда ҳам иккиюзламачиликка очиқ-ойдин йўл қўйилаётганлигини қандай баҳолаш мумкин?
Тошкентда 7 июнь куни коронавирус юқтирган 195 беморнинг 183 нафари — битта муассасада ишлаётган қурувчилар бўлган. Ушбу компания номи ошкор қилинмади ва Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги буни ўша компаниянинг обрўйига зарар етказиш мумкинлиги билан изоҳлади.
Ўша қурилиш компанияси ҳеч нима бўлмагандек фаолиятини қурилиш объектларида ҳам, сотув офисларида ҳам давом эттираяпти.
15 июнь куни иккита банкнинг иккита кичкина филиалида биттадан (!) коронавирусга чалиниш ҳолатлари аниқланган. Банкнинг номи ҳам, филиалларнинг номи ҳам очиқ-ойдин айтилди. Молия муассасалари вақтинча карантинга олинган.
Очиқланиш бу банкларнинг обрўйига зарар етказиш мумкин деб юзхотирчилик қилинмади.
"Молхона"да ёзилганидек, барча ҳайвонлар тенг, лекин айрим ҳайвонлар янада тенгроқ.
P.S. Умид қиламанки, қатор демократик давлатларда бўлаётгани каби бизда ҳам карантин даврида ваколатлари аниқлаштирилмаган Махсус комиссия томонидан эълон қилинган қарорлар ва бу қарорлар доирасида амалга оширилган низоли ва баҳсли, амалдаги қонунчиликка зид ишлар юзасидан судларга якка тартибда ва жамоавий даъволар киритилади.
@the_bakiroo