Ижтимоий объектларни хусусийлаштиришни тақиқлаш тўғрисидаги қонун қани?
Ўтган йили ўтган сайлов кампанияси пайтида Адолат партияси истироҳат боғлари, болалар оромгоҳлари, сайилгоҳлар, таълим ва тиббиётга оид давлат объектлари ва уларнинг ҳудудларини сотиш, хусусийлаштириш ёки бегоналаштиришни қонун билан тақиқлаш, бундай ҳаракатлар учун жавобгарлик белгилашни таклиф қилган эди. Бу ташаббус партиянинг Дастуригаям киритилганди. Балки шу каби адекват ташаббуслари учун партия депутатлик ўринлари сонини кўпайтириб, учинчи партияга айланганди.
Сайловдан кейин ярим йил вақт ўтди. Қани қонун? Лойиҳа қани, майли, ишлаб чиқилдими ҳеч қурса? Қайси босқичда, ким кўраяпти? Ярим йил кам муддат эмас. Масала қанақадир олигархлар ё номенклатура манфаатларига тааллуқли бўлса, қонун 3 кунда ясаларди ва қабул қилинарди.
Ë таълим ва тиббиётдаги ижтимоий объектлар сотилиб, чайилиб, туя қилиниб, тугатилишини кутаяпсизларми? Кейин бу қонуннинг кимга кераги бўлади?
Хўп, қонунниям қўйиб турайлик.
Хусусийлаштириш дастурига ижтимоий объектларни пачкалаб киритиб ётган Иқтисодиёт ва молия вазирини, Давактив раҳбарини, Мактаб вазирини, Соғлиқни сақлаш вазирини парламент гиламига чақирдингларми? Сўров юбориб, сўроққа тутдингларми?