"Солиқ-сервис" ва "Янги технологиялар илмий-ахборот маркази" хусусийлаштирилмайди ва АЖга айлантирилади
2 йил аввалги қарор билан Солиқ қўмитаси қошидаги "Солиқ-сервис" ДУК ва "Янги технологиялар илмий-ахборот маркази" ДУКнинг 100% давлат улуши сотилиши белгиланганди.
Янги қарор билан ҳар икки ДУК хусусийлаштириладиган активлар рўйхатидан чиқариб ташланган. Шунингдек, "Солиқ-сервис" ДУК ва "Янги технологиялар илмий-ахборот маркази" ДУК Солиқ қўмитаси муассислигида акциядорлик жамиятлар сифатида қайта ташкил этилади.
"Солиқ-сервис" хусусан, солиқ тўловчиларга солиқ мажбуриятларини бажаришда техник жиҳатдан кўмаклашиш, шунингдек, ҳисоботлар ва декларацияларни қабул қилиш бўйича солиқ тўловчиларга хизмат кўрсатиш юзасидан давлат солиқ хизмати органларига амалий ёрдам бериш билан шуғулланади.
"Янги технологиялар илмий-ахборот маркази" эса машҳур Soliq.uz иловасининг оператори ҳисобланади. Ҳар икки унитар корхонанинг акциядорлик жамиятига айланиши ҳисоб, ҳисобдорлик ва маълумотлар очиқлигини кенгайтиради.
Ўзи 2025 йил 8 майдан бошлаб Ўзбекистонда унитар корхона мақоми қонун билан бекор қилинди. Лекин ўнлаб унитар корхоналар мақомини ўзгартирмай фаолият кўрсатишда давом этмоқда. Уларнинг орасида Ўзбекистондаги энг йирик корхоналар ҳам бор. Мазкур унитар корхоналарни "Солиқ-сервис" ДУК ва "Янги технологиялар илмий-ахборот маркази" ДУК мисолидаги каби акциядорлик жамиятига айлантирилиши тўғри қадам бўлган бўларди.
- https://www.lex.uz/docs/6417192lex.uz
- https://t.me/the_bakiroo/10157@the_bakiroo
- https://Soliq.uzsoliq.uz
- https://lex.uz/docs/7367697lex.uz