Саноқсиз ва сифатсиз давлат активларидан воз кечиш давом этади. Лекин янгилари пайдо бўлмасмикан?
Ҳукуматнинг янги қарорига кўра, давлат назорати остидаги 66 та корхона давлат муассасаси сифатида, 73 та корхона эса филиал кўринишида қайта ташкил этилади. 454 та корхона истиқболсиз, фаолият кўрсатмаётган, зарар кўриб ишлаётган ва паст рентабелли бўлганлиги сабабли тугатилади.
Тугатилаётган корхоналар рўйхатига қарасангиз, қизиқ ва таажжубли манзарага дуч келасиз. Масалан, Ички ишлар вазирлиги тизимида "Ғиштчи-75"ДУК, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги қарамоғида "Талаба текстил" ДУК, Сув хўжалиги вазирлиги таркибида "Жиззах сувчи балиғи" МЧЖ, Давлат солиқ қўмитаси назорати остида эса "Инкубатор" МЧЖ фаолият кўрсатиб келган.
Номларидан ҳам кўриниб турибдики, бу корхоналарнинг фаолият ва соҳаси нима билан боғлиқ бўлгани.
Энг қизиғи, амалдаги қонунчиликда Давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари, агар қонун ҳужжатларида бошқача қоида белгиланган бўлмаса, жамиятнинг иштирокчилари бўлишга ҳақли эмаслиги кўрсатилган. Лекин вазирликлар, давлат идоралари ва ҳокимиятлар қонунчиликкаям, ўзига хос бўлмаган функцияларга ҳам тупуриб қўйиб янги ва янги корхоналарни тузишда давом этаверганлар.
Зараркунанда давлат корхоналарини тугатиш ўз йўлига, тўғри қадам. Лекин энди давлат томонидан янги корхоналарни ташкил этиш бўйича ёвуз практикани бутунлай тугатиш керак. Чунки бу кетишда эскисини тугатгунимизгача, тийиқсиз чиновниклар янгисини ташкил этишда ўзларини тўхтатиб олишлари жуда қийин.
Узоққа бормайлик, Тошкент шаҳар ҳокимияти таъсисчилигидаги «TEXNOPARK» МЧЖ бунга яққол мисол бўла олади.
@the_bakiroo