“Афсус ва таассуф” етарли эмас
Миграция агентлиги Москва шаҳри Сокольники туманида ушбу давлатда вақтинча меҳнат фаолиятини олиб бораётганларни ҳуқуқий мақомини текшириш учун ўтказилган тадбирлар чоғида Росгвардия томонидан фуқароларга нисбатан жисмоний куч қўллангани ҳақидаги хабарлардан “афсус ва таассуфда” эканини маълум қилмоқда .
Ёзилишича, Россия Федерациясининг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларидан расмий маълумот кутилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Бош консулхонаси ва Миграция агентлигининг Россия Федерациясидаги ваколатхонаси ушбу масалани назоратга олган.
Назаримда, бу етарли чоралар эмас. Шимолдагиларнинг бугунги ўлчовлари дипломатияни қабул қилмайди. Қатъий чоралар ва имконият даражасида ҳаракатлар керак.
Ташқи ишлар вазирлиги қандай ҳаракат қилади, билмайман, лекин Миграция агентлиги ватандошларимизни Россияга тартибли ва ташкиллаштирилган тарзда ишга ишга юборишни тўхтатиб туришлари керак. Бу бўйича аввал бошланган музокараларда ҳам пауза олиниши лозим.
Россияда меҳнат мигрантлари билан нималар қилишаётганини била туриб, миграцияга масъул давлат органи яна ватандошларимизни марказлашган тарзда жўнатишда давом этиши зўравонликларга розилик ишораси бўларди.
Ўзбекистон оналари ўз фарзандларини қанақадир зўравонлар ҳақоратлаши, тепиши ва калтаклаши, хўрлаши, қолаверса, шантаж ва Украинадаги урушга жўнатиб, ем қилиши учун туғмаган.