Янги Тошкентга кўчаётган вазирликлар бинолари очиқ аукционда сотиладими?
Яқин кунларда Қурилиш, Транспорт ва Экология вазирликлари Янги Тошкент ҳудудига кўчирилади.
Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири Шерзод Ҳидоятовга кўра, кўчаётган вазирликларнинг пойтахтдаги бинолари сотувга қўйилади ва шу маблағларга Янги Тошкентдан янгилари қурилади. Қолган вазирликлар ҳам босқичма-босқич ўтказилади.
Қурилиш (Абай кўчаси), Транспорт (Зулфияхоним кўчаси) ва Табиат вазирликларининг (Бунёдкор кўчаси) бинолари пойтахтнинг энг қиммат ҳудудларида жойлашган. Бинолар ёпиқ келишув ёки очиқ аукционда сотилиши ҳақида бирон ахборот мавжуд эмас.
Йил бошида пойтахт қоқ марказидаги Энергетика вазирлиги ва Ўзтрансгаз бинолари сотилгани битим амалга оширилганидан кейингина маълум бўлганди. Ундаям харидор банк муассасаси ва акциядорлик жамияти бўлгани учунгина маълумот очиқлашга тўғри келган. Яқиндагина бир неча юз миллиард совурилиб, ремонт қилинган биноларни сотиш бўйича битимнинг айнан шу харидор билан тузилгани мотивлари ҳалигача номаълум.
Кўплаб вазирлик ва идоралар йил давомида ва келаси йилга янги Тошкентга кўчиб ўтиши маълум бўлсада, ремонт учун харажатларни тўхтатишмаган. Янги мебелларни олиш, пўрим кабинетларни жиҳозлаш давом эттирилмоқда.