“5-Автобус саройи” ва “8-Автобус саройи” Тошкент вилоятига кўчирилади
Ҳукуматнинг навбатдаги қарори лойиҳасига кўра, “5-Автобус саройи” Ўрта Чирчиқ туманига, “8-Автобус саройи” эса Тошкент туманига кўчирилади. Улар учун янги автобус саройлари қурилади ва қурилиш бюджет маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.
Табиийки, автобус саройларининг Тошкент шаҳри ичидаги яхшигина инфратузилмага эга ер майдони, бино иншоотлари нима бўлади деган савол туғилади. Тошкентда кейинги 3-4 йилда шаклланган анъанага кўра, бу ер майдонлари бир муддат ўтиб "дом қуриш" ёки яна нимадир савдо марказлари қуриш учун сотиб юборилса керак. Ҳозирча “5-Автобус саройи“ ер майдони ва иншоотлари, “Трансйўлқурилиш” ДУКга, “8-Автобус саройи” ер майдони ва иншоотлари “Қурилиш хаби”га бериб юборилипти.
Яна бир шаклланган анъана ва методичкага кўра, сал ўтиб ҳеч қаерда эълон қилинмайдиган Ҳукумат фармойиши чиқарилади, бўлди, қарабсизки, бу жойлар ҳам соққали эгасини топади.
Энди лойиҳа бўйича саволлар:
1) Абгори чиқарилган Тошкент шаҳар жамоат транспорти учун Тошкент вилоятида автобус саройи қуришдан бошқа приотет вазифа йўқми? Бюджетимиз ошиб-тошиб ётиптими?
2) Логистикани кимдир ўйладими? Умуман ҳукумат таркибида логистикани тушунадиган кимдир қолганми? Тошкент шаҳрида ҳаракатланадиган автобуслар Тошкент вилоятидан туриб қатнаши харажатларни қанчалик оширади?
3) Тошкент вилоятидаги қишлоқ хўжалиги фойдалануви оборотидан яна 20 гектар ер олинади. Аукцион ўтказмасдан. Бунинг йўқотиши, иқтисодий зарарини кимдир ҳисобладими?
4) Нега акциядорлари, кузатув кенгаши, яъни эгалари мавжуд бўлган “Тошшаҳартрансхизмат” АЖнинг мол-мулклари ҳеч қаерда эълон қилинмайдиган Фармойиш билан бошқа бир ташкилотга бериб юборилади? Мулк ҳуқуқи, қонунчилик талаблари қаерда қолди?
5) Ёпиқ Ҳукумат фармойишлари билан давлат ва жамият аҳамиятига эга бўлган активлар ва мол-мулклар борасида қарор қабул қилиш қачон тўхтатилади?
Жамоатчилик бу каби зарарли лойиҳаларни амалга ошишига йўл қўймаслиги лозим. Лойиҳа билан танишинг ва албатта саволлар беринг. Бунга ҳақлисиз.
@the_bakiroo