Қўшимча хизматларга пул тўламаса ҳам Пуллик дейилаётган синфларга қабул бўладими?
Яна бир вазирлик ўзбекистонликларни нотўғри талқинда айбламоқда. Бу сафарги улоқни Мактаб вазирлиги илиб кетган, вазирлик пўрим давлат мактабларида гўёки қонуний бўлган пулли синфлар ташкил этилаётганини нотўғри талқин қилишда айблаб чиқмоқда.
Эмишки, ижтимоий тармоқларда “пулли синф” деб нотўғри талқин этилаётган ҳолатлар аслида давлат умумтаълим мактабларида ўқувчиларга ўқув режа ва давлат таълим стандартларидан ташқари қўшимча билимлар бериш учун ташкил этиладиган таълим хизматидир.
Мактабларда ташкил этиладиган қўшимча таълим хизматлари мактабларнинг ўқув дастурларида назарда тутилмаган (давлат таълим стандартларидан ташқари) машғулотлар бўйича мактаб директори ва ўқувчиларнинг ота-онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар ўртасида ихтиёрийлик асосида тузиладиган шартнома асосида кўрсатилади.
Хўп. Ҳақиқатда ҳукумат қарори билан белгиланган тартибда ҳам шундай.
Энди савол: Масалан, 50- мактабнинг пулли синфига қўшимча хизматдан фойдаланмай ҳам кирса бўладими? Қани шу саволга мард бўлиб жавоб беринг, ҳурматли вазирлик, ҳурматли вазира хоним.
Қонун ҳарфи ва руҳи бўйича кира олиши керак.
Лекин Сиз жуда яхши биласиз, қўшимча хизматлардан фойдаланмаса, пулли синфга ҳам қабул йўқ. Яъни, амалда қўшимча хизматлар аслида imposed services (навязанные услуги) - пулли синфга қабул қилишнинг мажбурий шартига айланган.
Сиз буни била туриб, "подмена" билан чалғитмоқдасиз.
Агар худди шундай усул билан бирон тадбиркорлик субъекти шуғулланганида Рақобат қўмитаси уни аллақачон пўстагини қоққан бўларди.
Ва ўзи қонун бўйича Адлия вазирлиги Рақобат қўмитаси билан биргаликда давлат мактабларидаги тобора авж олаётган пулли синф ташкил этиш ҳаракатларига баҳо бериши керак бўлади.