Конституциядан қудратли: давлат мактаб-интернатида пулли синфлар ташкил этиш асоси ёпиқ қарорда белгиланган
Хорижий тилларга ихтисослаштирилган мактаб-интернатида пулли синфлар очилишининг ҳуқуқий асосий бўйича расмий изоҳ беришган.
Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлигининг Дарёга маълум қилишича, мазкур амалиёт ҳуқуқий асосга эга: Бу Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 30 декабрдаги 908-сонли қарорида (хизмат доирасида фойдаланиш учун мўлжалланган) ўз аксини топган. Қарорда шартнома асосида таълимий хизматлар кўрсатиш бўйича тегишли бандлар мавжуд.
Шартнома асосида ташкил этилган синфларда нархлар қуйидагича бўлади:
1—4-синфлар учун ойига 24 000 000 сўм;
5—11-синфлар учун ойига 29 000 000 сўм.
Шунингдек, қўшни туман ёки вилоятлардан келувчилар ётоқхонада қолиш учун ойига қўшимча 3 миллион тўлаши керак бўлади.
Давлат мактабларида алоҳида ғамхўрлик, комфорт ва шароитларга эга пулли синфлар таклифи Ўзбекистон ижтимоий давлат деб эълон қилинган 2023 йилдан кейин бошланган ва бусиз ҳам мактаб етишмаслиги ва сув йўқлигидан бошлаб энг оддий муаммолари ечилмаган таълим тизимининг янада табақалаштиришни нафақат чуқурлаштирмоқда, расман рағбатлантирмоқда ҳам.
Хусусан, пойтахтнинг пўрим давлат мактаблари микроучастка ислоҳотидан кейин жой топиш имконсиз ҳолатда, ота-оналар фарзандларини пулли, тижорий асосда ўқитишга рози бўлса — марҳамат, синф ҳам топилган, ўқитувчи ҳам, қулай шароит ҳам.
Худди шундай ёндашув ўзини ўзи янги элита деб ҳисобловчиларнинг фарзандлари учун махсус очилган Хорижий тилларга ихтисослаштирилган мактаб-интернатида янги даражага чиқарилган, ҳатто ҳукуматнинг ёпиқ қарори билан легитимлаштириб берилган (Конституцияга зид бўлса нима қипти? Биринчи мартами?). Жаноблар, шундай давом этаверинглар. Сизларга ярашади. Балки бу мактаб битирувчиларини биратўла алоҳида суперҳуқуқлар, балки умрбод иммунитет ва солиқлардан озод қилиш билан сийларсизлар? Параламент 3 кунда саволсиз тасдиқлаб беради. Бўлса, биратўла феодализм бўлсин.
Конституция, Конституция, Конституция деб айюҳаннос солаётган охирги фойдали аҳмоқлар ҳам шу билан узил-кесил қўл силтайди.