30 июнь ярим тунда: Хусусий университетларга оид қарор нега 30 июнь санаси билан имзоланган?
Ўзбек бюрократияси бизнес устига тақиқлар киритиш ва қўшимча мажбуриятлар юклашда ҳар доим йўлини топади. Керак бўлса, айланиб ўтади ёки алоҳида дарча очади. Ҳатто Президент мораторийси бўлса ҳам.
Хусусий университетларга қўшимча молиявий, инфратузилмавий ва техник талаблар киритишга оид қарор лойиҳаси 20 июнда эълон қилинган ва 5 июлгача муҳокамада бўлиши керак эди.
Лекин бугун 3 июль куни тўсатдан лойиҳадан кўра анчагина қаттиқлашган қарор 30 июнь санаси ва 403- рақам билан имзолангани эълон қилинди ва қарор матни ЎзАда пайдо бўлди.
Эътиборлиси, lex.uz'да қарор матни ҳалиям пайдо бўлгани йўқ (20:45). Ваҳоланки, 1 июлда имзоланган 405- сонли қарор базада аллақачон пайдо бўлган. Лекин 3 кун аввал, 30 июнда имзолангани айтилган 403- сонли қарор йўқ.
Хўп, нега муҳокама учун ажратилган яна 5 кунни кутмай, 30 июнь санаси билан қарорни имзолаб юборишди, деб ўйлайсиз?
Сабаб шуки, Президент фармони билан 2025 йил 1 июлдан бошлаб 2028 йил 1 январга қадар кичик ва ўрта бизнес субъектлари зиммасига янги мажбуриятлар юклатилишини назарда тутадиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилишга мораторий эълон қилинган.
Хусусий олий таълим муассасаларининг деярли ҳаммаси ўрта бизнес субъектлари (йиллик айланмаси 100 млрд.сўмгача) ҳисобланади ва агар ҳукумат қарори лойиҳа муҳокамаси тугагач, айтайлик, 5 июлдан кейин имзоланганида Президент мораторийси бузилган бўларди.
Кўп айтганимиздек, кўп даҳшатли қарорлар ярим кечаси эълон қилинади ёки ярим тунда имзоланади.
30 июнь ярим тунда....