Иссиқхоналарга газ етказиш кафолатланади
Бугунги йиғилишда Давлат раҳбари иссиқхона хўжаликларининг бир неча йиллик оғриғини кўтарган. Йиллар давомида октябрь келдими, токи апрелгача шартнома борми, йўқми, олдиндан тўлов борми, йўқми, иссиқхоналар газдан узиларди. Газчилар мажбуриятини бажарилиши бўйича кафолат йўқ эди.
Эндиликда ички бозор билан бир қаторда экспортга ҳам маҳсулот етиштириш мажбуриятини олган, табиий газда ишлаётган иссиқхоналарга қишки мавсумда газ кафолатли ҳажмда берилади. Шунингдек, кўмир ёки бошқа муқобил иситиш тизимида ишлаётган ҳамда экспорт мажбуриятини олган иссиқхоналарда ҳам табиий газга қайтиш имкони пайдо бўлади.
Иссиқхоналардан қисқартирилган газ қайси соҳаларга йўналтирилгани ва уларнинг самарадорлигини ўрганиш, агар газ берилган бошқа соҳаларда қўшилган қиймат кам бўлса, газни иссиқхоналарга йўналтириш топширилди.
Ўтган мавсумларда пала-партиш ва ўйланмаган газ узишлар туфайли помидор экспорти қисқариб кетди, анънавий бозорларимизни бой бердик, бозорларимизда бодринг импорт ананасдан қиммат даражага етди. Буюк помидор экспортчиси бўлган мамлакат помидор импортчисига айланди. Сабзавотлар майли, ҳатто кўкатларни импорт қила бошладик.
Бу ишлар ҳаммаси айтайлик, 10 млн.долларлик газ экспорт қиламан деб, экономикага 100 млн.доллар узилиш ва йўқотиш етказиш орқали амалга ошди.
Помидорнинг газга нисбатан қиёсий рентабеллиги ҳисобланмади.
Ишонамизки, энди ўзгаришлар бўлади. Солиқ қўмитасига бунинг учун таҳлилий ва ақл марказларини сафарбар этиш вазифаси топширилган.
- https://t.me/Press_Secretary_Uz/6033@Press_Secretary_Uz
- https://t.me/Press_Secretary_Uz/6034@Press_Secretary_Uz
- https://t.me/the_bakiroo/9179@the_bakiroo
- https://t.me/the_bakiroo/9317@the_bakiroo
- https://t.me/the_bakiroo/9036@the_bakiroo
- https://t.me/the_bakiroo/9745@the_bakiroo