Ўзбекистон помидор экспортчисидан помидор импортчисига айлангани бу тарозиси бузуқ энергетиканинг илк оқибатлари холос
Газ бўйича бузуқ ўлчовлар туфайли охирги 3 йилда Ўзбекистон буюк помидор экспортчисидан помидор импортчисига айлантирилгани ҳақида аввал ҳам ёзгандик. 2021 йилда 60 млн.доллар, 2022 йилда 58 млн.доллар, 2023 йилда 57 млн.долларлик помидор экспорт қилинган. 2024 йилда эса помидор экспорт товарлар рўйхатидан тушиб қолган.
Тармоқда туркман помидорлари импорти бошлангани ҳақида ёзилмоқда, бу ҳозирги реалликларда қанчалик ғалати эшитилмасин, бозорнинг табиий реакцияси. Туркман помидорлари ўтган йилиёқ ўзбек помидорларини Россия ва Қозоғистон бозоридан сиқиб чиқарганди. Энди Ўзбекистон бозорини ҳам эгалламоқда, бу бошланиши холос.
Олигархия манфаатларига бўйсундирилган аксилмиллий энергетика сиёсати билан ўзбек товарлари нафақат узоқ ташқи бозорларда, минтақамизнинг ўзида ва Ўзбекистоннинг ичида ҳам ютқазишда давом этаверади.
Туркман қардошларнинг иқтисодиётида саволли ва муаммоли масалалари кўпдир, лекин Туркман дўстларимизни ўз ёқилғи энергетикасини шимоллик босқинчилар ва олчоқ бир тўп тўдага топшириб пароканда қилмагани учун ҳам олқишлаш керак бўлади.
Энди худодан сўрашимиз керакки, аномал ва зараркунанда чиновникларимиз помидорга бож солишмасин ёки бензин, пропан ва газ каби бир қўлли қилишмасин. Ёки биронта ўғри ва муттаҳам помидор олигархи пайдо бўлмасин.