Ўзбекистонда "Чинор" лойиҳасининг иккинчи мавсуми бошланди
"Ватандошлар" жамоат фонди ташаббуси билан амалга оширилаётган "Чинор" лойиҳасининг 2025 йилги иккинчи мавсуми очилишига бағишланган маросим бўлиб ўтди. Тадбирда хорижий мамлакатларда яшовчи ватандошлар, “Нуроний” жамғармаси, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ва тегишли идоралар раҳбарлари иштирок этди.
Лойиҳа икки босқичдан иборат. Биринчи босқич 24–30 июнь кунлари 40 нафар кексалар учун ўтказилган бўлса, иккинчи босқич 28-июлдан старт олди. Унда Туркия, Қозоғистон, Қирғизистон ва бошқа давлатларда яшовчи 57 нафар ватандош қатнашмоқда.
Лойиҳанинг мақсади — юртдан ташқарида яшаётган нуронийларга "Янги Ўзбекистон" ғояси, миллий қадриятлар ҳақида тушунча бериш. Фонд томонидан ўтказилган "Сиз Ўзбекистонни биласизми?" викторинасининг ғолиблари ҳам ушбу тадбирда иштирок этиб, ватандошлар билан қизиқарли учрашувларда фаол қатнашмоқда.