Тошкент вилоятида иссиқ сув учун тарифлар пойтахтдагидан 58% арзон бўлади
Тошкент вилоятида 10 сентябрдан иссиқ сув ва иссиқлик таъминоти тарифлари оширилмоқда. Тарифларнинг аҳолига оид қисми ўртача 10%га қимматламоқда (инсоф сари барака).
Эътиборлиси, вилоятда тарифлар оширилгач ҳам пойтахтдагидан сезиларли арзонлигича қолади. Масалан, "Issiqlik ta'minoti" МЧЖда 1 куб иссиқ сув 5 654,88 сўм бўлади. Солиштириш учун ҳозир Veolia Energy Tashkent МЧЖ тарифлари бўйича пойтахтда 1 куб иссиқ сув 7 764,06 сўм, яъни 37,3%га қиммат.
Veolia Energy Tashkent МЧЖ 1 октябрдан тарифларини оширгач, вилоят ва пойтахтдаги иссиқ сув нархлари ўртасидаги фарқ 57,9%га етади.
Тошкент вилоятида (Ангрен, Чирчиқ, Олмалиқ) иссиқ сув таъминоти ва иситиш корхоналари ишончли бошқарувга бериб юборилмаган. Балки Veolia раҳбарияти вилоятга чиқиб, таннархни шиширмаслик йўлларини ўрганиб келар?
Нима учун ишончли бошқарувга берилган компанияларнинг самарадорлиги давлат компанияларникидан ҳам бадтар ёмонлашуви ҳақида бир ўйлаб кўриш вақти етмадими? (Металлургия комбинатларидан тортиб иссиқлик станцияларигача ишончли бошқарувнинг шунча ёмон тажрибаси бизга етмаяпти).