Бузуқ тизим: Тарифлар ҳам ошаверади, субсидиялар ҳам ошаверади
2025 йил 1 октябрдан бошлаб аҳоли учун иссиқлик таъминоти ва иссиқ сув 15 фоизга, юридик шахслар учун 40 фоизга, бюджет ташкилотлари учун эса 19 фоизга ошиши мумкин. Қўрқаманки, шаҳар кенгаши Veolia Energy Tashkent илтимосини рад этмай, лойиҳани чапак чалиб маъқуллаб беради. Масалан, мен тарифларнинг навбатдаги марта оширилишини истеъмолчиларга ҳам остидан, ҳам устидан ўлпон солиш деб ҳисоблайман (маълумот учун, ўтган йили тарифлар икки тўлқинда 32,25%га оширилган).
Нимага?
Тошкент шаҳри бюджетидан 2024 йилда иссиқлик таъминотини субсидиялаш учун 1,97 трлн.сўм субсидия ажратилган.
2025 йилда пойтахтда иссиқлик таъминотини бюджетдан субсидиялаш ҳажми 37%га кўпайган ва 2,7 трлн.сўмга етган.
Кўраяпсизки, тарифлар ҳам ошаяпти (32,25%га ва яна камида 15%га), субсидиялаш ҳам ошмоқда (37%га). Бу қанақа бузуқ тизим? Истеъмолчи ҳам чўнтагидан, ҳам солиғидан (субсидия бу бизнинг солиқларимиз) тўлаши қачонгача давом этади? Янада чуқурроқ қаралса, буям ҳали ҳаммасимас, ҳали бошқа дастурлар ва захирлар ҳисобидан очиқ кўринмаётган кросс-молиялаштириш қанча яна?
Наҳотки, ўзбек парламентида (қуйи палата ва сенатида) биронта депутат ё сенатор йўқ, Иқтисодиёт ва молия вазирлигидан асосланган ва чуқур ҳисоб-китоб сўрашга? Veolia Energy Tashkent ўзи нима учун чақирилганди? Таннархларни шишириб беришгами? Буни ўзимизнинг маҳаллий ўғрилар ҳам қойиллатиб эплаётганди-ку. Veolia Energy Tashkent келиб, ўзи нимани қойиллатди. Ҳисоб-китоблар шаффофлигидаги энг элементар ва зарурий қадам - иссиқ сув ва иситиш ҳисобини ажратмадику, ҳеч қурса?
Яна бир маълумот: Иссиқлик таъминоти учун жами субсидиялаш (нафақат шаҳар бюджетидан) ўтган йилги 4,2 трлн.сўмдан 4,8 трлн.сўмгача оширилган.
- https://www.gazeta.uz/uz/2025/08/12/heating/gazeta.uz
- https://t.me/the_bakiroo/9429@the_bakiroo
- https://e-qaror.gov.uz/ru/doc/1608623gov.uz
- https://e-qaror.gov.uz/doc/2185137gov.uz
- https://t.me/the_bakiroo/8850@the_bakiroo
- https://t.me/kurbanoffnet/10001@kurbanoffnet
- https://api.mf.uz/media/filestore/Budjetnoma_2025_BmO2cnx.pdfmf.uz