Амнистия ҳақида
Президентнинг маълум қилишича, ҚҚС ставкаси 12 фоизга туширилганидан сўнг бу тизимда ишлаётган тадбиркорлар сони ортиб бормоқда. Аммо кўпчилик ҳисоб-китоб қийинлашиши ва харажат кўпайишидан хавотирда. Шу боис айланма солиқдан ҚҚСга ўтадиган корхоналар бир йил фойда солиғидан озод қилинади, ҳисоботда хатолик учун жарима қўлланмайди, бухгалтер маошининг бир қисми эса солиқдан чегирилади.
Шу билан бирга, 20 мингдан зиёд тадбиркорда 16 триллион сўмлик хато аниқланган. Бизнес учун салбий таъсирни олдини олиш мақсадида 1 ноябргача барча хатоларни ихтиёрий тўғирлаш имкони берилди. Шундан сўнг тадбиркорлик рейтинги “тоза саҳифадан” бошланади.
Бу кўплаб тадбиркорлар учун жуда ҳам яхши янгилик. Хос маълумотларга кўра, бу янгиликнинг орқасида тер тўкканлар Солиқ тизими раҳбарлари. Кўз тегмасин, cолиқ тизими ҳам Солиқ қўмитаси ҳам охирги йилларда анча ўзгарди. Илгари тадбиркор учун “ҳужумчи идора” бўлиб кўринган тизим ҳозир аста-секин тадбиркорнинг шеригига айланяпти.
Албатта, кўпчилик учун бу — “оддий ҳол, шунга ҳам ҳайрон бўлиш керакми?”дек туюлиши мумкин. Лекин ростини айтайлик: яхши томонга катта ўзгаришлар кўп бўлди. Қудбиевнинг жонли эфирлари, очиқ мулоқотлари ортидан тадбиркорлар “саволимни бевосита айта оламан” деган ҳиссиётга эга бўлди.
Лолазор подкастида айтган эдим, ҳозир мулоқотларда катта ёки кичик тадбиркорлар ўзи хато қилиб хатосини тан олса ҳам, Солиқ қўмитаси вакиллари "тўхта, ҳозир шу жойда ушлаб туриб ўзингга қарши ишлатамиз" демаяпти. Муносабат соғломлашган. Энг асосийси: аввалгидай “сен танқид қиляпсанми, камчилигингни топайликда шунга қараб ишингни кўрамиз” деган ғаразли ёндашув кўринмаяпти.
Бу “ўзи шундоқ бўлиши керак-да” деган гаплар ҳам бор. Аммо биз бу даражага осон келмадик. Маҳаллий менталитетда “чиновникни танқид қилсанг, сени синдириши мумкин” деган пинҳон ҳадик бор эди. Шу аста секин йўқолмоқда. Ҳозир солиқчилар ўзгарди демак, бошқалар ҳам ўзгариши мумкин. Балки. Яна ҳам. Агар исташса.
- https://t.me/Press_Secretary_Uz/6136@Press_Secretary_Uz