Кредит нархининг баланд қолаётгани кредит бозорида хатарлар аримаётгани билан боғлиқми?
Июль якунлари билан миллий валютадаги муддатли депозитларнинг ўртача тортилган ставкаси 19,5%га тушган. Муддатли омонатларнинг ўртача нархи 21,4% даражасида, ўзгаришсиз қолган бўлса, корпоратив депозитлар ставкаси 16,9%гача пасайган.
Миллий валютадаги кредитларнинг ўртача тортилган ставкаси 23,2% даражасида қолган, бунда чакана кредитлар нархи 23,8%ни (+0,1%), корпоратив кредитлар нархи эса 22,7%ни (-0,1%) ташкил этган.
Қизиқ тарафи, депозитлар арзонлашаётгани ва бозорда пул таклифи сезиларли кўпайгани билан кредитлар нархи арзонлашаётгани йўқ. Эътиборлиси, талаб тарафидан босим йўқ. Кредитга талаб юқори эмас (айниқса бизнес сегментда).
Бунга, бизнинг назаримизда, кредит бозорида тизимли хатарлар сақланиб қолаётгани сабаб бўлмоқда. Қолаверса, банкларда ретроспектив йўқотишлар жуда баланд бўлгани, яқин ва ўрта истиқболга ҳам юқори йўқотишлар билан қарашга ва ҳисоб олишга ундамоқда.