Ўзлари нонини топиб еётганларни камбағалликка рўпара қилмаслик керак
Охирги йилларда камбағалликдан чиққан миллионлаб ўзбекистонликларнинг қанча қисми давлат ёрдамисиз бунга эришгани ҳақида аниқ статистика йўқ. Балки Намангандаги бугун ниҳояланган Камбағалликни қисқартириш форуми сессияларида қандайдир изланишлар ва рақамлар айтилгандир.
Нима бўлгандаям, аниқки, ҳозир пойтахт ва йирик шаҳарлардаги агрегаторлар орқали ишлаётган юз минглаб курьер ва етказиб бериш хизматлари ишчилари ўзларини ўзлари камбағалликдан чиқаришган. Давлат уларга ёрдам пули бермаган, имтиёзли кредит ажратмаган, иш ўрни яратиб бермаган.
Улар триллионлаб субсидия ё давлат буюртмасини ўзлаштираётгани йўқ, бюджетга фойдаси борки, юки йўқ.
Пўрим мошинларда юрадиган айрим эррайимларга мопед ва скутерларда шошиб-пишиб буюртма ташиб тирикчилик қилаётган қоракўзларимиз ёқмас, лекин улар триллионлаб қўшилган қиймат яратаяпти (ваъда қилинаётган 130 млрд.долларда уларниям улуши бор), товар ва хизматлар занжирида муҳим звенога айланиб ҳаётимизни арзонлаштираяпти, осонлаштираяпти.
Правага ўқишга, имтиҳон топширишга (6-9 млн.сўм), мопед ва скутерларига номер тақишга (1,6 млн.сўм) уларнинг аксарида жамғармаси йўқлигини қарор қабул қилувчилар жуда яхши билишарди. Агар ниятлар эзгу бўлганида, бунинг осон ва юкламаси кам йўлини тутиш мумкин эди.
Нима бўлгандаям, ҳеч қурса, авантюра қарорлар билан уларни камбағалликка рўпара қилмаслик керак.
- https://t.me/minecofinuz/12945@minecofinuz