24K113Telegramda ochish
Муаммоларни санаган тадбиркор жазоланса, кейинги сафар мулоқотда кимдир дардини айтадими? Тўғриси, Қурилиш вазирлигининг тадбиркор устидан ИИВга шикоят қилгани мени жуда ҳайрон қолдирди. Давлат раҳбарининг тадбиркорлар билан учрашуви доирасидаги мулоқотларда Солиқ қўмитаси, Марказий банк, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Фермерлар кенгаши, Техник тартибга солиш агентлиги қанча танқид қилинди. Биронта вазирлик ёки идора раҳбари ҳали сени қараб тур, кўрсатиб қўяман, муаммони айтганингга минг пушаймон бўласан, демади. Мулоқот шунинг учун ҳам мулоқот. Камерага мақтаб-мақтаб, ҳаммаси зўр, деб кетилиши керак бўлса, мулоқотнинг нима зарурияти бор? “Битта уй учун 200 минг долларгача харажат бор” дейилган гапга Қурилиш вазирлиги обрўсизланиб қолган бўлса, демак, вазият обрўсизланадиган даражага етганини балки англаш керакдир? Хўп, қурилаётган уйларнинг ҳисоботдаги таннархи ва бозор нархлари каррасига фарқланаяптими, демак муаммо бор ва у коррупцион муаммо. Қурилиш бизнесида тўланаётган солиқлар ва уйларнинг бозор нархи нисбатини бир қаранг. Расмий статистика бўйича қурилишдаги норасмий сектор улушига бир қаранг. Балки статқўмниям судга берарсизлар, бу рақамлар сизларни обрўсизлантирмаяптими? “Тошкентда 2 мингта ҳолатда уй-жойларнинг ҳар бир квадрат метри атиги 1 миллион сўм деб расмийлаштирилганини” айтган Кудбиевниям судга беринглар. “Иш ҳақини «конвертда тўлаш» орқали 6,3 мингта объект 1 нафардан кўп бўлмаган расмий ишчи билан қурилганини” айтган Ваҳобовни судга беринглар. Ахир сизларда ҳаммаси “Шаффоф қурилиш“ миллий ахборот тизими орқали тўлиқ назорат қилинади-ку. Ўзбекистонда музлатгичларни сертификатлаш бюрократик равишда тўхтатиб қўйилганини, товарлар ойлаб ушлаб турилишини айтган тадбиркор Альфия Мусина устидан на Божхона қўмитаси, на Техник тартига солиш агентлиги шикоят қилди, уни ҳеч ким жазолагани йўқ. Қайтанга Давлат раҳбари орден билан мукофотлади. Мусина муаммони очиқ айтгани учун юзлаб тадбиркорларнинг оғири енгил бўлди, бюджетга миллиардлаб бож ва солиқлар тўланаяпти. Оқ иқтисодиёт ўсаяпти. Балки сизлар ҳам муаммони айтган ўша тадбиркорга, ҳеч қурса, раҳмат дейишинглар керакдир?

Ko‘rsatkichda

Xaritada ko‘rish

Arxivda shunga yaqin