Сўмнинг мустаҳкамланиши фонида импорт товар ва хизматлар арзонлашмаётгани бош сабаби рақобатнинг йўқлигида
Сўмнинг долларга нисбатан номинал курси 2023 йил сентябрь ҳолатига бўлган даражагача мустаҳкамланди. Миллий валютанинг реал курси ҳам мустаҳкамланишда давом этмоқда. Мазкур вазият сўм мустаҳкамланиши фонида нархлар арзонлашмаётгани билан боғлиқ дискуссияларни яратмоқда.
Ҳар ой инфляция статистикаси чиққанида мундарижаси импортга боғланган товарлар нархи ўзгаришига эътибор қаратишингиз мумкин. Албатта, бу бўйича чуқурроқ, алоҳида тадқиқотлар керак. Лекин сўм курси тушган ("доллар кўтарилган") ойларда импорт улуши юқори ёки импорт мундарижали товарлар ва хизматлар қимматлайди (вақт фарқи - лаг йўқ, кутиб ҳам ўтирмайди).
Сўм мустаҳкамланганида эса (ҳатто бу йил бўлгани каби 5- ой кетма кет мустаҳкамланганида ҳам), импорт ва импорт мундарижали товарлар ва хизматлар нархини пасайтиришга ҳеч ким шошилмайди. Ҳатто қимматлашишдан тўхтамайди.
Мисол келтирайми?
Бу бензин (қимматлашишда давом этмоқда), авиақатновлар (қимматлашишда давом этмоқда), дори-дармон (қимматлашишда давом этмоқда), автомобиллар (арзонлашгани йўқ), маиший техника (арзонлашгани йўқ). Уларни нима бирлаштиради, биласизми? Рақобатнинг йўқлиги, сегментнинг юқори концентрацияси ва монополлашгани.
Бу қандай ишора? Бу энди буёғига айни шу сегментларда таркибий ислоҳотлар ва рақобатни қўллаб-қувватлаш керак дегани.