Статқўм инфляцияда ҳалиям тугатилаётган 80 шиптир нархини вазн ўзгартирмай инобатга олмоқдами?
Сентябрда ойлик инфляция 0,6%гача тезлашган, ўтган йилнинг юқори базаси ҳисобига йиллик инфляция 8,0%гача пасайган. Бу антиреформага айланиб кетган энерготарифлар оширишидан олдин, 2024 йил март ойидаги минимумнинг такрорланиши (бундан пастроқ расмий инфляция ҳали Каримов тириклигида 2016 йил май ойида юз берган).
Ҳудудлар ичида энг юқори ойлик инфляция Қорақалпоғистонда (0,8%), энг юқори йиллик инфляция Фарғонада (8,9%) қайд этилган
Ой давомида озиқ-овқатлар нархи 0,9%га, ноозиқ-овқатлар ва хизматлар 0,3%данга ошган.
Муҳим озиқ-овқатлардан тухум 6,5%га, гўшт 1,8%гача (музлатилган мол гўшти 5 минг сўмга), шакар 0,7%га, сут ва ўсимлик ёғи 0,6%га қимматлаган.
Ҳудудларда навбати билан коммунал хизматлар (Қашқадарёда чиқинди, Навоий вилоятида совуқ сув ва Тошкент вилоятида иссиқ сув ва иситиш) тарифлари ошишда давом этмоқда.
Статқўмга кўра бензин нархи 1,4%га ошган. Бу сафар статқўм бензин нархларини оралиқ кўринишда келтирган (ўтган ойда ўртача нархлар келтирилганди). Бу атайинми ёки хатоликми, тушуниш қийин. Сентябрда республика бўйича 80 шиптир лақабли бензинни АЁҚШларда сотиш тўхтади ва тўхтамоқда, лекин статқўм ҳалиям 80 шиптир вазнини аввалгидек юқори олаётганга ўхшайди. Сотувдаги энг арзон ва имконли бензин йил бошидан бери камида 35%га ошганига қарамай, йил бошига нисбатан бензин нархи атига 5,9%га ошган, деб кўрсатилмоқда. Инфляция кутилмаларининг йил якуни бўйича 8,7%гача ёмонлашгани сабабларидан бири ҳам айнан Аи-80 бензинидан воз кечишга бориб тақалади.
Сўм тарихан рекорд даражада мустаҳкамланган сентябрда импорт мундарижали шакар, ўсимлик ёғи ва бензин, шунингдек, импорт гўштнинг сезиларли қимматлагани Ўзбекистонда очофат монополиялар ва уларнинг бюрократик-коррупцион занжири инфляцияни жиловлашда асосий тўсиқ бўлиб қолаётганини кўрсатади.
Хизматлар ичида ҳайдовчиликка тайёрлаш курслари юқори даражада ошишда давом этмоқда (ойлик 5%, йиллик 73,3%). Рақобат қўмитаси ижтимоий қатлам ва ёндош бизнесларга юклама ўлпонга айланган мазкур сегментдаги антиқа нархлар ва ғаройиб зараркунанда қоидалар ҳақида ғурур билан сукут сақламоқда (демак, шу кунга етибмизки, буёғига муаммони ҳукуматдан феълан мустақил антимонополия органида муҳокама қилиш ҳам имконсиз).