Ёлғончи ва муттаҳам қурувчиларнинг рўйхати тузилиб эълон қилинадими?
Рақобат қўмитаси фуқароларни янги қурилаётган уй-жойдан хонадон харид қилишда шартнома тузишдан олдин унинг барча шартлари билан атрофлича танишиб чиқишга чақирмоқда.
Агар ҳуқуқий билимингиз етарли бўлмаса, малакали юрист ёки адвокат хизматидан фойдаланиш орқали шартнома мазмунини тўлиқ ўрганиб чиқишингиз тавсия этилади, - дейилган антимонополия баёнотида.
Қўмитага 8 ой давомида қурилиш ташкилотлари билан тузилган шартнома шартларининг бузилиши — янги уй-жойларни ўз вақтида топширмаслик, шартномада белгиланган талабларни бажармаслик, реклама ва эълонларда кўрсатилган лойиҳаларга амал қилмаслик каби ҳолатлар бўйича мингга яқин шикоятлар келиб тушган. Лекин бу айсбергнинг учи холос. Аҳвол ўзи шунақа экан, давлат ёрдам бера олмайди дея қўл силтаган истеъмолчилар ўн минглаб. Тошкентнинг ўзида ҳар ўн қурилишдан саккизтаси вақтида топширилмайди, 99% ҳолатда ойлаб, йиллаб кечикканлик учун истеъмолчиларга бир тийин ҳам компенсация тўланмайди. Истеъмолчи мабодо пулини қайтиб олмоқчи бўлса, отнинг калласидек жарима тўлашга мажбур. Истеъмолчиларга сотув пайтида қулай ва жозибадор лойиҳа кўрсатилиб, амалда 2-3 карра зичлашган чумолихоналар қурилиши эса одатга айланиб бўлган.
Бунақа ҳолатда энг тўғри ва таъсирчан йўл ёлғончи ва муттаҳам қурувчиларнинг рўйхатини тузиш ва эълон қилиш бўлиши керак (нафақат бир мартага очилган МЧЖ номи, бренди ва бенефициарларини ҳам). Шундагина ҳокимият ва ҳукумат органлари билан чатишиб кетган қурилиш корчалонлари алдовдан тийилади, шартномага амал қилади, лойиҳада кўрсатилган талабларни бажаради. Ватандошларимиз эса ҳеч қурса кимлар билан шартнома қилмаслик лозимлиги ҳақида билишади.
Бўлмаса, бу Олтин туёқ ва Шох буилдинг каби лўттивозлар ўзбекистонликларни талашни тўхтатишмайди.
- https://t.me/RaqobatGovUz/11076@RaqobatGovUz