Ўсиш омилларининг чуқурроқ очилиши нега муҳим?
Чунки фақат шундагина қабул қилинаётган қарорларнинг иқтисодиётга таъсири манфий ёки мусбат кечаётганини кўриш мумкин, хатоларни вақтида тузатиш имконли. Ҳаммага тушунарли бўлган Ҳожибой Тожибой сўзи билан айтганда "ҳосил ерни чуқурроқ ҳайдагани учун мўл бўлмаётгани аниқ", фақат буни тан олиш қийин (айниқса охирги 2-3 йил мисолида).
Каримов давридаям телба-тескари қарорлар, тўсиқлар, тақиқларга қарамай, 2009-2013 йилларда яхшигина иқтисодий ўсиш бўлган (пул ўтказмалари, олтин ва газнинг юқори нархлари ҳисобига). Айни пайтда, ҳукуматнинг сиёсати ва қарорлари ўсишни рағбатлантирувчи эмас, секинлаштирувчи, манфийлаштирувчи роль ўйнаган, шунга қарамай, расмий пропаганда ўсишни ўзбек моделининг ютуғи дея режим умрининг охиригача тақдим этиб келишда давом этган.
Пул ўтказмаларига қайтсак. 13,9 млрд.сўмлик пул ўтказмаларининг ҳаммаси (169,2 трлн.сўм) аҳолининг жами даромадларида акс эттирилмоқда. Бу ҳам тўғри эмас, чунки пул ўтказмаларининг ҳаммаси ҳам меҳнат мигрантларига оид эмас. Мокки экспорти, кулранг экспорт тушумлари (мева-сабзавот, хизматлар) пул ўтказмалари тизимлари орқали юборилади ва бу тушумларнинг улуши транзакцияларнинг миқдори ва концентрацияси бўйича сараланганда ҳам сезиларли даражада (бекорга мева-сабзавот макони Фарғона вилояти пул ўтказмалари бўйича рекордларни янгилаётгани йўқ).
Инклюзив иқтисодий ўсишни тезлаштирадиган, даромадларни барқарор оширадиган, тенг имкониятлар яратадиган қадамлар яна пайдо бўлса, давом этаётган ўсишда маъмурий қарорларнинг мусбат роли ҳам кўрина бошлайди.