2030 йилгача Қозоғистонга етиб ололамизми ё янада кўпроқ ортда қоламизми?
2030 йилгача ҳаво транспортида хизмат кўрсатилган йўловчилар сонини 24 миллионга етказиш мақсадли кўрсаткич деб белгиланмоқда. Мазкур рақам Ўзбекистон аэропортларида ташиладиган йўловчилар сонини ифодалайдими ёки Ўзбекистон авиакомпаниялари томонидан ташилган йўловчилар соними, аниқлик киритилса бўларди. Нима учун бу муҳим?
2024 йилда Ўзбекистон аэропортлар орқали жами 13,5 миллион йўловчи ташилган (ҳар 3 йилда бу кўрсаткич 2 карра ошмоқда). Бу йил, суръат сақланса, мазкур кўрсаткич 15 миллионга етса керак. Солиштириш учун аҳолиси биздан 1,5 карра кам Қозоғистон аэропортлари орқали ўтган йили 29,4 миллион йўловчи ташилган. Шу кўрсаткичнинг ўзи бизнинг ҳаво транспорти бозоримиз қанчалик ёпиқ, монопол ва биқиқлигини кўрсатади. Демак, агар 2030 йил учун қўйилаётган 24 миллионлик мақсадли кўрсаткич Ўзбекистон аэропортларида ташиладиган йўловчилар сони бўлса, бу жуда паст кўрсаткич ва яқин истиқболда Қозоғистонга ета олмаймиз.
Агар, 24 миллионлик кўрсаткич Ўзбекистонда рўйхатдан ўтган маҳаллий авиакомпаниялар ташийдиган йўловчилар сони бўлса, бу жуда зўр, амбицияли, лекин эришиш қийин мақсад. Очиқ, расмий ва батафсил маълумотлар йўқ, лекин 2024 йилда Ўзбекистонда рўйхатдан ўтган авиакомпаниялар 6,9 млн.атрофида йўловчи ташиган (Шунинг 6,0 миллиони монопол Ҳавошка, 300 минги Ҳавошканинг “лоукостер” атлас шўъбаси, 500 минги “хусусий” компания ва қолган 100 минги майда чуйда ташувчиларга тўғри келади). 2025 йилда бу кўрсаткич 8 миллионга етиши мумкин. Солиштириш учун, Қозоғистон авиакомпаниялари ўтган 2024 йилда 14,4 миллион йўловчи ташиган ва юқори суръатда ўсишда давом этмоқда. Агар Қозоғистон компаниялари йилига 10%дан ўсса, бизнинг компаниялар йилига 30-35%дан ўсса, 2030 йилда қўшнилардан ўтиб кетишимиз ва мақсадли кўрсаткичга етишимиз мумкин.
Мақсадли кўрсаткичларга кўра, 2030 йилда яна парвозлар сонини 200 мингтага етказиш кўрсатилган. 2024 йилда бу кўрсаткич аэропортлар маҳражида 113,6 мингта бўлган.
Шунингдек, 2030 йилда Ўзбекистон резидент авиакомпаянилари самолетлари сонини 180тага етказиш мўлжалланмоқда. Ҳозирда самолетлар сони турли манбаларга кўра, 93 та. Қозоғистонда 104та (2030 йилда 216тагача етказишмоқчи). Қўшниларнинг яна бир ютуғи уларнинг самолетлари ерда камроқ, ҳавода кўпроқ бўлади.