Энергия таъминотида узилишлар ва тарифларнинг экстра оширилиши инфляцияни тезлаштиради, иқтисодий ўсишни секинлаштиради
"Энергия тарифларининг навбатдаги оширилиши ва уларнинг иккиламчи таъсирлари узоқроқ муддат сақланиб
қолаётгани жорий юқори инфляция динамикасини белгилаб бераётган
асосий сабаблардан бўлмоқда. Бу ўз навбатида, инфляциянинг 5 фоизлик мақсадли кўрсаткичига етишишни 2027 йилга кечиктирилиши бўйича асосларни юзага келтирмоқда".
"Пул-кредит сиёсатининг 2026-йил ва 2027-2028-йиллар даврига мўлжалланган асосий йўналишлари"нинг дастлабки концептуал лойиҳасига кўра, 2026 йилда инфляция 7 фоиз атрофида шаклланиши прогноз қилинмоқда. 2027 йилнинг иккинчи ярмида инфляция 5 фоизлик таргетгача пасаяди ва 2028 йилдан бошлаб таргет даражасида шаклланиши
прогноз қилинмоқда (ўтган йилги асосий йўналишларда 2026 йилнинг иккинчи ярмида инфляциянинг таргет кўрсаткичигача пасайиши кутилганди).
Макроиқтисодий ривожланишдаги ташқи ва ички эҳтимолий шоклар таъсирида инфляция ва иқтисодий ўсишнинг асосий сценарийга нисбатан четлашиши қатор шоклар, хусусан энергия таъминотидаги узилишлар туфайли рўй бериши мумкин.
Энергия таъминотидаги муаммолар ишлаб чиқариш самарадорлигини пасайтириб, иқтисодий ўсиш суръатларини чеклайди.
Ушбу шок таъсирида инфляция даражаси асосий сценарийга нисбатан 0,4-0,5 фоиз бандга ошиши ва ЯИМ даражаси 0,1-0,2 фоиз бандга пасайиши мумкин.
Асосий сценарийда белгиланган даражага нисбатан электр энергия, табиий газ, коммунал хизматлар, транспорт ва бошқа тартибга солинадиган хизматлар нархларининг юқори суръатда оширилиши умумий истеъмол нархларига тўғридан-тўғри ва иккиламчи қўшимча оширувчи таъсирга эга бўлади.
Тартибга солинадиган нархларнинг юқори оширилиши таъсирида инфляция даражаси асосий сценарийга нисбатан 0,6-0,8 фоиз бандга ошиши ва ЯИМ даражаси 0,1-0,2 фоиз бандга пасайиши мумкин.