Тартибга солинадиган нархларнинг юқори ўсиши инфляция ва иқтисодий ўсишга қандай таъсир ўтказди?
Пул-кредит сиёсатининг 2026 йил ва 2027-2028 йиллар даврига мўлжалланган асосий йўналишларида эҳтимоли мавжуд бўлган ташқи ва ички шокларнинг инфляция ва иқтисодий фаолликка таъсирлари баҳоланганди.
Юз берган ва бераётган эҳтимолий шоклар қаторида олтин нархи пасайиши, энергия таъминотидаги узилишлар, иқлим ва об-ҳаво кескинлашуви ва шунингдек, тартибга солинадиган нархларнинг юқори ўсишини санашимиз мумкин.
Албатта, ўтган даврда иқтисодий ўсишга ҳам, инфляцияга ҳам жиддий таъсир ўтказган ноаниқликлар ҳам юз берди ва бермоқда. Масалан, Яқин Шарқдаги ҳалинчак бўлиб давом этаётган урушнинг вазиятлари ёки Украинанинг босқинчи Россия энергетика активларига бераётган муваффақиятли зарбаларининг оқибатлари инфляция ва инфляцион кутилмаларни белгилаётган омилларга айлана бошлаган.
Лекин, назаримда, рўйхатдаги шоклар орасида тартибга солинадиган нархларнинг инфляция даражасидан юқори оширилгани (газ -метан, электр энергияси) ва яна оширилиши (ичимлик суви, иссиқ сув ва иситиш, чиқинди, транспорт) эҳтимоллари энг жиддий шок бўлди ва бўлмоқда. Регуляторимизнинг моделлаштиришига кўра, тартибга солинадиган нархларнинг юқори оширилиши таъсирида инфляция даражаси асосий сценарийга нисбатан 0,6-0,8 фоиз бандга ошиши ва ЯИМ даражаси 0,1-0,2 фоиз бандга пасайиши мумкин эди. Амалда қандай бўлди, яқин ойларда, ой охиридаги йиғилишда балки яна айтилар.
Шу билан бирга регуляторнинг тартибга солинадиган тарифлар оширилишини олдиндан жамоатчиликка эълон қилиб бориш бўйича қуйидаги тавсияларига умуман амал қилинаётгани йўқ: Аҳоли ва бизнес учун қарор қабул қилишда ноаниқликларни камайтириш мақсадида тартибга солинадиган коммунал хизматлар ва жамоат транспорти тарифларини ўрта муддатли истиқболда (келгуси 3-5 йил учун) индексация қилиш графикларини олдиндан жамоатчиликка эълон қилиб бориш, уларнинг молиявий режалаштиришини осонлаштириш ва нисбатан жиловланган кутилмаларни шакллантириш имконини беради.
Бунда, нархларни оширилиши инфляциядан паст даражада ва барча ҳудудларда бир вақтда, аниқ бир ойда амалга ошириш ҳамда ҳар йили ушбу режа-график асосида давом эттириш, индексациянинг кутилмаларга бўлган эҳтимолий салбий оқибатларини олдини олишга хизмат қилади.
Масалан, бошвоғини йўқотган ва истеъмолчилар қарғишидаги чиқинди тарифлари ҳудудларда маҳаллий монополистлар томонидан ҳар ойда оширилади (навбатини келишиб олишгандек), "августдан ошади" дейилаётган ичимлик суви тарифлари қанчага ошишини, кузда иситиш ва иссиқлик тарифлари қанчага сакрашини, келаси баҳорда шонли энергетиклар бизга қанақа тариф сюрпризлари тайёрлаб қўйганини ҳалигача билмаймиз.
Табиийки, биз истеъмолчилар фақат ва фақат ёмон ва салбий кутилмаларга мойиллашаяпмиз (яхшисининг ўзи йўқ чунки ёки мутлақ номаълумлик).
- http://telegraph.controller.bot/files/974432359/AgACAgIAAxkBAAKN3GpV3kAc6T5xoTnXUVJKVm-SIF47AALoFmsbA_axSpqcT6bkU6PKAQADAgADeAADPQQcontroller.bot
- https://cbu.uz/upload/medialibrary/107/fej1yp983519jzi9fc8z6wfstex3b1df/Asosiy_yunalishlar_22_11_2025_kirill_6_website.pdfcbu.uz
- https://www.reuters.com/business/energy/central-asia-feels-pinch-russias-fuel-crunch-2026-07-13/reuters.com