Олтин ошса нима бўлади?
Олтин тушса нима бўлади?
Асосий сценарийга кўра, олтин нархининг нисбатан юқори даражада сақланиб қолиши тахминлари базавий омил сифатида белгиланган. Глобал ноаниқликлар шароитида олтинга бўлган талаб ошиб боради ва унинг нархлари юқори даражаларда шаклланишда давом этади. Халқаро консенсус прогнозларга кўра, олтиннинг нархи 2026 йил биринчи ярмида ўсувчи динамикада (ўртача йиллик 3800-4000 доллар/трой унция атрофида) ва 2027 йилдан пасаювчи трендга ўтиши прогноз қилинмоқда.
Лекин олтин нархининг кескин ошиши ҳам, кескин тушиши ҳам талаб билан боғлиқ шоклар яратади.
Олтин нархининг кескин ошишида нима бўлади?
Келгуси йилларда ҳам жорий ноаниқликлар янада кучайиб, олтинга талаб юқори даражада қолиши бўйича эҳтимоллар мавжуд. Шу билан бирга, АҚШ ҳукумати томонидан Федерал Захира Тизимининг (ФЗТ) фоиз сиёсати бўйича баёнотлари ФЗТ мустақиллиги бўйича
хавотирларни юзага келтирмоқда. Мазкур омиллар фонида олтин нархининг ўсиш суръатлари асосий сценарийга нисбатан юқори шаклланиб, 1 трой унцияси учун 5000-5500 долларгача етиши бўйича эҳтимоллар мавжуд.
Ушбу шок юз берганда, бюджетнинг олтин ишлаб чиқаришдан оладиган даромадлари ортиб, ялпи талаб кенгайишига хизмат қилади. Бу эса, иқтисодий ўсишни қўллаб-қувватлаш билан бирга, инфляцион
босимларни кучайтиради.
Шу билан бирга, олтин экспорти ҳисобидан ички валюта бозорида таклиф кўпайиши алмашув курси мустаҳкамланишига туртки бериб импорт инфляциясини пасайтирувчи аҳамиятга эга бўлади.
Ушбу шок таъсирида инфляция даражаси асосий сценарийга нисбатан 0,1-0,2 фоиз бандга пасайиши ва ЯИМ даражаси 0,3-0,5 фоиз бандга юқори шаклланиши мумкин.
Олтин нархининг кескин пасайишида нима бўлади?
Келгусида геосиёсий зиддиятларнинг барҳам топиши, ривожланаётган давлатларда инвестицион муҳитнинг сезиларли
яхшиланиши фонида олтин нархининг асосий сценарийга нисбатан кескин пасайиши (1 трой унцияси учун 2500-2700 долларгача тушиши) бюджет даромадларини камайтиради. Шунингдек, нарх ҳисобига олтин экспортидан тушумлар қисқариши ички валюта бозорида таклифни камайтириб, алмашув курсига оширувчи босимга эга бўлади. Бу, ўз навбатида, импорт инфляцияси ошишига сабаб бўлиши мумкин. Ушбу шок таъсирида инфляция даражаси асосий сценарийга нисбатан 0,5-0,6 фоиз бандга ошиши ва ЯИМ даражаси 0,25-0,35 фоиз бандга пасайиши мумкин.