Жаҳон банки Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси орқали ўзбек бизнесини қўллаб-қувватлайди
Жаҳон банки ижрочи директорлар кенгаши Ўзбекистон учун 100 млн доллар миқдоридаги кредит ва 5 млн доллар миқдоридаги грантни маъқуллаган.
Ажратиладиган 100 млн.долларлик кредит ҳисобига “Иш ўринларини яратиш ва бизнесни ривожлантириш учун молиялаштиришдан фойдаланиш” (Access to Finance for Jobs and Growth Project, FINGROW) лойиҳаси Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси (ТРК) орқали амалга оширилади.
ТРКнинг профессионал бошқариладиган шўъба тузилмалари банклар, микромолия ташкилотлари ва хусусий капитал соҳасидаги инвесторлар билан микро, кичик ва ўрта корхоналарларга (МКЎК) кредит (банк) кафолатларини бериш ва рақобатбардош корхоналар капиталига хусусий инвестицияларни жалб қилишга кўмаклашиш учун ўзаро ҳамкорлик қилади.
2030-йилга бориб, лойиҳа натижасида тахминан 7 минг МКЎКлар, шу жумладан аёллар ва ёшлар раҳбарлигидаги 4,5 минг корхоналар учун кредит маблағларидан фойдаланиш имконияти таъминланиши кутилмоқда. Ушбу қўллаб-қувватлаш бенефициар компанияларга 100 мингга яқин янги ва яхши ҳақ тўланадиган иш ўринларини яратиш имконини беради, уларнинг ярмидан кўпини эса аёллар ва ёш ишчилар эгаллашади.
Бундан ташқари, лойиҳа доирасида 70 тагача юқори ўсиш салоҳиятига эга бўлган кичик ва ўрта корхоналар капиталига хусусий инвестицияларни жалб қилиш ҳамда бизнесни кенгайтириш учун янги билим ва тажрибаларни улашиш орқали қўллаб-қувватланади. Ушбу корхоналарнинг аксарият қисми аёллар ва ёш раҳбарлар томонидан бошқарилади.
“Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси” АЖнинг шўъба тузилмалари банклар, микромолия ташкилотлари ва хусусий инвесторлар билан ҳамкорликда қўшимча 500 миллион долларлик хусусий капитални жалб қилади. Ушбу маблағлар кредит маблағларидан фойдаланишни таъминлаш ва кўпроқ МКЎКлар учун корхоналар капиталига хусусий инвестициялар оқимини таъминлаш имконини беради.